АҚШ президенти Жо Байден Брюсселда НАТО саммити якунланганидан сўнг журналистлар билан учрашувида Россия президенти Владимир Путин билан бўлажак учрашувига доир саволларга ҳам жавоб берди.
Байден икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорлик олиб бориш мумкин бўлган соҳалар қолаётганини такрорлаган. У расмий Москва халқаро ахлоқ меъёрларига амал қилиб, умум қабул қилинган демократик қадриятларни ҳурмат қилиши лозимлигини уқтирган. Россиянинг бўйин товлаши АҚШ бундай муносабатга нима билан жавоб қайтаришини ўйлаб топишини англатган бўлур эди.
Алексей Навальнийнинг ўлими қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Байден: “Навальнийнинг ўлими Россия инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслигининг яна бир белгиси бўлур эди. Ва бу Россиянинг бутун дунё билан ва мен билан алоқаларига зарар беради”, деб жавоб берган.
Путинни “муносиб рақиб” деб атар экан, Байден дунё Россия етакчисидан ўзини бошқача тутишни кутаётганини ва бундан унинг ўзи ҳам манфаатдорлигини идрок этади, дея умид билдирган.
Жо Байден АҚШнинг бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорликка “қайтган”ини яна бир карра таъкидлаган. Россия ва Хитой эса, унга кўра, трансатлантика бирдамлигига қаршилик қилишга уринмоқда.
Байден иттифоқчиларнинг НАТОга асос солиниши ҳақидаги шартноманинг иттифоқчилардан бирига ҳужум қилиш — барчага ҳужум қилишни англатиши тўғрисидаги 5-моддаси қоидаларига содиқлигини тасдиқлаган.
Саммит доирасида Байден Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиб, музокаралар “натижа беради”, дея ишонч билдирган. Туркия Россиядан С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини харид қилиши муносабати билан сўнгги ойларда Анқара билан Вашингтон ўртасида жиддий келишмовчилик вужудга келган эди.