АҚШ президенти Жо Байден 15 январь куни мамлакат президенти сифатида америкаликларга сўнгги мурожаати билан юзланди.
Байденга кўра, Америка демократиясига чексиз таъсир ва ҳокимиятга эга бўлиб бораётган ўта бой кишилар олигархияси таҳдид солмоқда.
“Мен мамлакатни ўзимда катта хавотир уйғотаётган айрим нарсалардан огоҳлантиришни истардим. Бу ҳокимиятнинг кам сонли ўта бой бўлган одамлар қўлида хатарли тарзда жамланишидир”, деди Байден америкаликларга сўнгги бор Оқ уйдаги кабинетидан мурожаат қилган.
Дональд Трамп инаугурациясига беш кун қолганда қилган чиқишида президент Байден сайланган президент исмини тилга олгани йўқ, бироқ, шарҳловчилар қайдича, унинг кимларга ишора қилаётгани аён эди. Миллиардер Илон Маск давлат хизматлари самарадорлиги учун масъул бўлган бошқарма бошлиғи ролида Дональд Трамп маъмуриятига ҳаддан зиёд катта таъсирга эга бўлиши кутилмоқда.
Байден ўз салафларидан бири бўлмиш, хайрлашув нутқида ҳарбий-саноат мажмуаси хатаридан огоҳлантирган президент Дуайт Эйзенхауэр анъанасини давом эттирган ҳолда ўз сўзида “техно-саноат мажмуаси” атамасини ишлатди. Байден фикрича, техно-саноат мажмуаси америкаликлар бошига “ҳокимият суиистеъмоли учун шароит яратган дезинформация уюми”ни ёғдираётган ижтимоий тармоқларни ўз назорати остида тутиб турибди. Айни пайтда “эркин матбуот барбод бўляпти, таҳрир йўқоляпти, ижтимоий тармоқлар фактларни текширишдан бош тортмоқда”, дея нолиган президент Байден.
Шу билан бирга, президент Америка демократик институтлари мамлакат фаровонлигини таъминлашга қодир эканига амин эканини айтган.
“Бизнинг ҳокимиятни тақсимлаш, тийиб туриш ва мувозанат тизимимиз бекам-кўст бўлмаслиги мумкин. Бироқ у 250 йил давомида демократиямизни таъминлади, бу эса бу қадар дадил эксперимент ўтказган ҳар қандай мамлакатдагидан кўра кўпроқдир”, деган Жо Байден.