АҚШ президенти Жо Байден ва ХХР раиси Си Цзиньпин Индонезиянинг Бали оролидаги учрашув чоғида бошқа масалалар билан бир қаторда Россиянинг Украинага қарши уруши масаласини ҳам муҳокама қилишиб, бу урушда ядро қуроли қўлланилишига қарши эканларини билдиришган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати томонидан учрашув якунларига кўра ёйинланган хабарномада айтилган.
Унда қайд этилишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши мавзусини Байден кўтарган. “Жо Байден ва Си Цзиньпин ядровий уруш ҳеч қачон бошланмаслиги лозимлиги, бу урушда ғолиб бўлмаслиги бўйича ҳамфикр эканларини тасдиқлашган ва Украинада ядро қуролидан фойдаланиш ёки уни қўллаш билан таҳдид қилишга қарши эканларини урғулашган”, дейилган хабарномада. Украина ядро қуролига эга эмас, шундан келиб чиққан ҳолда, бу ўринда лидерлар аввало Россияга мурожаат қилмоқдалар.
Оқ уй хабарномасига кўра, томонлар икки томонлама муносабатлардаги мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилишган, айни пайтда Байден АҚШ Хитой билан низолашишга интилмай, рақобат қилишини қайд этган. АҚШ президенти Вашингтон Пекин билан иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, глобал иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ҳам қўшимча қилган.
Қайд этилишича, Байден Шинжон, Тибет ва Ҳонконгда ХХР расмийлари томонидан инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши масаласини ҳам кўтарган ҳамда АҚШ Тайван масаласи бўйича қайси тарафдан бўлмасин статус-кво бузилишига қарши эканини таъкидлаган. Хабарномада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитойга бориши ҳам айтилган.
АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг Балидаги учрашуви Байден давлат раҳбари ўлароқ лавозимга ўтирганидан буён икки лидернинг илк юзма-юз кўришувидир. Учрашув расман 15 ноябрь куни бошланадиган G20 (“Катта йигирмалик”) саммити олдидан бўлиб ўтди.