“Жодугарларни овлаш”. Путин Россияда қатағонлар кучайтиришга “фатво” бердими?

Томсклик Станислав Кармакских XIX асрда яшаган рус мусаввири Василий Верешчагиннинг “Уруш тантанаси” картинаси нусхасини кўтариб тургани учун маъмурий жавобгарликка тортилди

Март ойи бошларида Россия шошилинч бир тарзда маъмурий ва жиноят кодексларига мамлакат қуролли кучларини “обрўсизлантирганлик” учун жазолаш назарда тутилган “дракон тузатишлари”ни киритди. Сўнгги икки ҳафтадан бери Россия ҳукумати Украинада ўтказилаётган “махсус ҳарбий амалиёт” танқидчиларини ёппасига қатағон қилмоқда.

Калининград шаҳрида яшовчи Мария Недвецкаяни 14 март куни полицияга чақириб, онаси маҳаллий руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизилганини маълум қилишди.

“Онам полиция идорасида гўё пештахам сўзлар билан сўкинган эмиш”, дейди Недвецкая “Север.Реалии”га берган интервьюсида.

Мария касалхонага боради, аммо ковид чекловларини рўкач қилиб, онаси билан кўриштирмайдилар. Муассаса ходимлари “Онангиз бу ерда камида бир ой қолади”, деб айтишади.

59 ёшли Ольга Недвецкая 13 март куни Украинадаги урушга қарши кийик норозилик акциясидан тутиб кетилганди. Бефарқ бўлмаган шаҳарликлар “каптарларга дон бериш” учун таклиф қилинган тадбирда у украин халқ қўшиқларини куйлаб, рақсга тушган экан.

“У аёл руҳан соппа-соғ, – дейди калининградлик фаол, ўша норозилик акцияси иштирокчиси Людмила Зелинская. – Аммо қуролсиз, экстремистик хитоблар қилмаган, ҳокимиятни тўнтаришга чақирмаган, армиямизни қарғамаган, шунчаки болаликдан биладиган қўшиқларини куйлаган одамни қўлга олиш – мана бу носоғлом иш. Қип-қизил бемаънилик. Яна тағин жиннихонага тиқиб қўйишса-я! Булардан қўрққулик. Булар жазо психиатрияси амалиётини қайтаришяпти”.

Калининградлик Ольга Недвецкаяни (чапда) урушга қарши намойишда қатнашгани учун руҳий хасталиклар шифохонасига ëтқизилди.

Украинадаги урушга оид ҳар қандай ғайрирасмий фикр аёвсиз бўғилаётган, президент Владимир Путин “палидлар ва хоинлар”дан баҳс этиб, “уларни туйқус оғизга кириб кетган пашшани туфлагандек тупуриб ташлаш”га чақираётган мамлакатда бу каби воқеалар оддий ҳолга айланмоқда.

Ҳозир Калининград шаҳрининг ўзида “қуролли кучларни обрўсизлантириш”га доир янги моддалар бўйича очилган 58 та маъмурий иш юритилмоқда, дея маълум қилди маҳаллий ҳуқуқбон Мария Бонцлер.

“Мен эшитмаган ишлар ҳам бўлса ажаб эмас. Ольга билан юз берган воқеа – қўрқитиш усулларидан бири”, дейди Бонцлер.

“Шафқатсиз диктатура томон олға”

“Нацистлар рамзларини тарғиб қилиш” айблови билан 10 сутка маъмурий қамоқда тутилган либерал фаол ва юрист Марина Савватеева 20 март куни озодликка чиқди.

У читалик профессор ва тарихчи Олег Кузнецовнинг Украинада “махсус амалиёт”ни бажараётган Россия қўшинларининг лотинча Z шаклли рамзи нацистларнинг СС хизмати 4-дивизияси расмий белгисига ўхшашлиги ҳақидаги постини улашгани учун жавобгарликка тортилган.

“Мен Кузнецовнинг ўзини эмас, балки Читада таниқли бир кишини репост қилган эдим. У бир оз вақт Байкалорти ўлкасида вазир бўлиб ишлаган, яъни режимга мутлақо содиқ ва тизимга киришиб кетган одам”, дейди Савватеева “Сибирь.Реалии” билан суҳбатда.

Читалик Марина Савватеева битта репост учун ҳибсга олинди

“Кузнецовнинг ўзи 5 март куни постини Facebook’даги саҳифасидан ўчирибди”, дея қўшимча қилади у.

Савватеева шунда ҳам омадим бор экан, дейди: у репост қилган пайтда “қуролли кучларни обрўсизлантириш” тўғрисидаги қонун ва бунинг учун 15 йиллик қамоқ жазоси назарда тутилган тузатишлар ҳали қабул қилинмаган эди.

“Тузатишлар қабул қилинган бўлганида, узоқ муддатга қамалишим аниқ эди. Биз аёвсиз диктатура сари катта қадамлар билан кетяпмиз”, дейди у.

Уруш тантанаси

6 март куни Томск шаҳри марказида ўтказилган урушга қарши акцияда маҳаллий турғун Станислав Кармакских қўлга олинди.

“Етиб келган полиция ходимлари гўё Россия қуролли кучларини обрўсизлантираётганимиз тўғрисида бизни огоҳлантирди”, дейди у.

Кармакских акцияда XIX асрда яшаган рус мусаввири Василий Верешчагиннинг “Уруш тантанаси” картинаси нусхасини кўтариб турган эди. Картинада қуёш тиғида ва бийдек чўл манзарасида тоғдек уйилган сон-саноқсиз бош чаноқлари ва улар устида айланаётган қузғунлар тасвирланган. Сурат фони Украина байроғининг кўк-сариқ рангларини эслатади.

“Полициячилар ёнига ўзим бориб, картинани кўрсатдим ва: “Йигитлар, агар ҳозир тўхтамасак, бизнинг келажагимиз манавинақа бўлади”, дедим. Улар бир зум каловланиб тургач, мени ушлашди. Мен билан бирга 20 кишини олиб кетишди”, эслайди Кармакских.

Уларнинг барчаси маъмурий кодекснинг янги моддаси бўйича айбланди. Кармакскихга 45 минг рубл жарима солишди. Суд қарорида унинг “Томск аҳолисида Россия фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Украинада махсус ҳарбий амалиёт ўтказаётган РФ қуролли кучларига нисбатан салбий фикр уйғотишга қаратилган” митингда қатнашгани урғуланган эди.

Томскда урушга қарши акция

“Ўзгача фикрловчиларнинг ҳаётини заҳарлаш кампанияси”

18 март эрталаб соат 7 ларда Псков шаҳрида кучишлатар ходимлар барча таниқли фаоллар, журналистлар ва уларнинг қариндошларининг уйларида ва офисларида тинтув ўтказди. Уйи ва идораси тинтилганлар орасида “Яблоко” партияси координатори Лев Шлосберг, муниципал депутат Николай Кузьмин, “Псковская губерния” газетаси бош муҳаррири Денис Камалягиннинг ота-онаси, кутубхоначи Екатерина Новикова ҳамда “Север.Реалии” мухбири Светлана Прокопьевалар бор.

Тинтувлар Псков вилояти губернатори Михаил Ведёрниковга “туҳмат қилиш”га доир иш бўйича очилган жиноят иши доирасида олиб борилган, дея маълум қилди адвокат ва ҳуқуқбон Татьяна Мартинова. Мазкур иш аноним телеграм-каналда вилоят раҳбарининг мустақил ОАВларга нисбатан сиёсати ҳақида танқидий мақола эълон қилиниши ортидан қўзғатилган эди.

Светлана Прокопьеванинг уйи тинтувдан кейин.

“Улар чамаси 10 киши эди... Ҳаммаси ниқобда. Эшикни бузиб киришдию “Ерга ётларинг”, деб бақиришди. Мени куч билан йиқитиб, кишанбанд қилишди, сўнг қўлимдан телефонимни тортиб олишди. Ҳеч ким тинтувга рухсатнома кўрсатгани, изоҳ бергани йўқ”, эслайди Прокопьева.

Прокопьева аноним телеграм-каналдан мутлақо бехабарлигини айтаркан, кучишлатар идораларнинг хатти-ҳаракатларидан мантиқ изламаслигини, бу ишларнинг бари Путиннинг “миллий хоинлар”ни топиш буйруғига жавобан уюштирилган “ўзгача фикрловчи одамларнинг ҳаётини заҳарлаш кампанияси” эканини урғулайди.

Сиёсатшунос Андрей Колесников “Настояшчее время” телеканалига берган интервьюсида Россияда қатағон машинаси ғилдираклари тобора тезлашаётганини айтади.

“Биз амалда икки фронтни кўриб турибмиз. Биринчи фронт “Россиядан ташқаридаги махсус ҳарбий амалиёт” деб аталади. Иккинчи фронт эса “Россия аҳолисига қарши махсус ҳарбий амалиёт”дир. Иккиси бир вақтда, бир-бирини кучайтирган ҳолда бўляпти. Менимча, қатағонлар бундан кейин фақат зўраяди”, дейди эксперт.

Колесников президент Путиннинг миллий хоинлар ҳақидаги иддаоларини кучишлатар идораларга берилган “оқ фотиҳа” деб атайди. “Айбдорларни қидиришади. Путин назарда тутган “бешинчи колонна”ни. Кучишлатар ходимларга натижа кўрсатиш учун ҳар қандай зўравонликдан тап тортмаслик ваколати берилди”, дея қўшимча қилади у.

Сиёсатшунос “миллий хоинлар” иборасини мустабид Иосиф Сталин бошқаруви йилларига оид “халқ душмани” ёрлиғи муқобили деб ҳисоблайди.

“ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумотига кўра, Украинада уруш бошланган 24 февраль санасидан бери Россияда 15 мингдан ортиқ киши урушга қарши акцияларда қатнашгани учун ҳибсга олинган.