АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти тинч аҳоли вакиллари, айниқса АҚШ фуқароларининг Ғазодан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашга уринмоқда.
“Биз ҳали-ҳамон тинч аҳоли вакиллари, айниқса, бизга маълум бўлишича, Ғазода юрган ва уни тарк этмоқчи бўлган америкалик бир неча юз фуқаронинг сектордан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашни истаймиз”, деган Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби. Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.
Кирби йўлланишда давом этаётган гуманитар ёрдам ва унинг минтақага етказилишини “ўта муҳим” эканини таъкидлаган. Мулозимга кўра, ёрдам юки Ғазога “имкон қадар тезроқ, максимал ҳажмда ва Исроил қуруқликдаги амалиётини ўтказиш-ўтказмаслигига қарамай” етиб бориши лозим.
АҚШ маъмурияти гуманитар ёрдамнинг бир қисми ҲАМАС тузилмаларига йўналтирилиши мумкинлигига оид хавотирларга қўшилади. Бироқ, Кирбига кўра, ҲАМАС гуманитар ёрдамни бемалол олиш имкониятига эгалигига далил йўқ.