Британия Бош вазири Борис Жонсон истеъфо берди

Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳукумат раҳбари ва Консерватив партия раиси лавозимидан истеъфо берганини 7 июль куни маълум қилди.

Жонсон Британия ҳукумати аъзолари у билан биргаликда ишлашдан бош тортгани ортидан истеъфо беришга мажбур бўлди. Бунга қадар ҳукуматнинг 50 нафардан ортиқ аъзоси ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган эди.

Британия матбуотининг ёзишича, Жонсон Консерватив партиянинг янги раиси сайлангунига қадар Бош вазир вазифасини бажаришда давом этади. Партия раисини сайлаш куз ойларига режалаштирилган. Жонсон янги раисни сайлаш бўйича ўтказиладиган қурултой куни келгуси ҳафтада аниқ бўлишини айтди.

YouGov ўтказган ижтимоий сўровда қайд этилишича, британияликларнинг 60 фоизи ҳукумат, 71 фоизи эса Жонсон фаолиятидан қониқмаяпти. Жонсон мансуб бўлган Консерваторлар партиясидаги кўпчилик ҳам уни истеъфога чиқишга ундаган.

Бош вазир истеъфоси Британияда автоматик тарзда парламентга янги сайлов ўтказилишини англатмайди. Бироқ мухолифат айнан сайлов ўтказилишини талаб қилмоқда. Ижтимоий сўровлар натижаларида қайд этилишича, сайловда ҳукумрон Консерватив партия мағлуб бўлиши мумкин.

Жонсон Бош вазир Тереза Мэй истеъфо бергани ортидан 2019 йилда Консерватив партия раиси ва Бош вазир лавозимига сайланган эди. Кейинроқ парламент сайловларида Жонсон раҳбарлигидаги партия ўз тарихида энг улкан ғалабага эришган.