Жорий ҳафта охиридан Тошкентда иситиш мавсуми бошланади

Тошкент шаҳри ҳокими қарорига асосан пойтахтда 22 октябрдан эътиборан иситиш мавсуми бошланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкентдаги марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида 19 октябрдан иссиқликнинг айланма ҳаракати йўлга қўйилади.

22 октябрдан ижтимоий соҳа объектлари, 24 октябрдан эса кўп қаватли тураржой биноларини босқичма-босқич иссиқлик энергияси билан таъминлашга киришилади.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳароратини кескин тушиши кузатилмоқда. Наманган, Жиззах, Қашқадарё, Навоий вилоятларида аллақачон биринчи қор ёғди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда тезроқ иситиш тизимини ишга тушириш борасида талаблар янграётган эди.