Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик театри 21 октябрда ўзининг 105-мавсумни бошлади. Қирғизистонда энг биринчи бўлиб ташкил этилган театр Ўзбекистон ҳукумати молиявий кўмагида таъмирдан чиқарилаётгани учун Бобур театри санъаткорлари спектаклларни Султан Ибраимов номидаги Ўш миллий қирғиз драма театрида намойиш этмоқда.
Бобур номидаги Ўш ўзбек академик драма театрида таъмир ишлари 2021 йилнинг 13 сентябрида бошланган. Марказий Осиёдаги энг кекса театрлардан бири бўлган театрни таъмирлаш учун Ўзбекистон ҳукумати 5 миллион доллар ажратган эди. Қайта қуриш ишларини Ўзбекистондаги “ТРЕСТ 12” ҳиссадорлик жамияти бош пудратчи сифатида, 50-қурилиш бошқармасининг икки бригадаси эса субпудратчи сифатида олиб бормоқда.
Бугунги кунда таъмирлаш ишларига жами 70 нафарга яқин қурувчи жалб қилинган.
Айтиш жоизки, таъмир ишлари бошланганида Ўш шаҳар мэрияси таъмирлаш ишларининг умумий қиймати 5 миллион долларга баҳоланаётгани, театрда қайта қуриш ишлари, режага мувофиқ, кейинги йил бошларида якунланиши кутилаётганини маълум қилганди.
Бироқ таъмирлаш ва қурилиш ишлари кўлами кенглиги учун бу муддат узайган. Қурувчиларга кўра, ҳозирда бошланғич сметалар аниқланган ва ҳаражат 84 млрд сўм ёки 7,5 миллион доллар деб ҳисобланган, нарх-навонинг ошиб кетгани сабабли бу маблағ 8 миллион долларга бориши ёки ундан ҳам ошиши мумкин.
Театрда қурилиш ишларини олиб бораётган мутахассисларнинг айтишича, ишлар деярли 80 фоизга битказилди. Ҳозир ташқи безак, саҳнага техника олиб келиш, ўтирғичларни ўрнатиш каби ишлар қолган. Бу ишлар яқин ойлар, узоғи билан 2023 йилнинг мартига қадар тугатилиши мумкин.
Театр жамоаси томонидан бу йилги мавсум учун “Самар Бону”, “Дудуқ келин” спектакли ва “Мақом гулшани” дея аталмиш концерт дастури тайёрланди.
Бобур номидаги ўзбек академик театри 1914 йилда Ўшдаги Рус-тузем мактаби қошида жадидчилар Раҳмонберди Мадазимов ва Болтихожи Султонов раҳбарлигидаги тўгарак сифатида иш бошлаган. 1918 йилда мазкур тўгарак Туркистон Реввоенсовети қошидаги театр труппасига айлантирилган. Маданият масканига 2004 йилда “Академик театр” мақоми берилган.
Ўшдаги Бобур номидаги Ўзбек Академик мусиқали драма театри Тошкентда 1913 йилда асос солинган ҳозирги Миллий Академик театрдан кейин Марказий Осиёдаги энг кекса театр ҳисобланади.