Коронавирус юқтириб олиш бўйича кундалик кўрсаткич дунё бўйлаб илк дафъа икки миллиондан ошди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумот тарқатди. Коронавирус қурбонлари сони эса ўтган кеча-кундузда етти минг нафарга етган.
Жорий йилнинг 4 январь куни АҚШда пандемия даврида биринчи марта бир миллиондан ортиқ одам COVID-19 юқтирганлиги аниқланган – бу бир неча кун муқаддам қайд этилган суткалик энг юқори кўрсаткичдан қарийб икки баравар кўпдир.
Коронавирусга чалиниш ҳолатининг кўпайиши Жанубий Африкадан чиққан янги “омикрон” штамми билан боғланмоқда. Тиббиётчиларга кўра, вируснинг янги варианти жуда тез тарқалади ва эмланганларга ҳам юқиши мумкин, аммо “омикрон”да касаллик анча енгил кечади ва беморни касалхонага ётқизиш шарт бўлмайди.
АҚШ пандемия бошланганидан бери аниқланган COVID-19 юқтириш ҳолатлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда – мамлакатда қарийб 56 миллион киши коронавирусга чалинган. Иккинчи ўриндаги Ҳиндистонда расман рўйхатга олинган беморлар сони 35 миллион кишидан ортиқ. Учинчи ўринда – Бразилия. Бу мамлакатда жами 22 миллион киши ковид юқтириб олгани аниқланган.