Коронавируснинг инсонлар орасида тарқала бошланиши сабабларини аниқлаш мақсадида Хитойга борган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари 31 январь куни Ухань шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорига ташриф буюришди. Мазкур бозор ходимлари орасида вирус илк бор 2019 йил декабрида аниқланганди.
ЖССТ экспертлари бозорда бир соатга яқин бўлишган, бироқ журналистлар билан мулоқот қилишмаган. 28 январь куни улар икки ҳафталик карантиндан чиқишганидан сўнг касалхоналар ва бошқа бозорларда бўлишган. Айни пайтда ЖССТ ўз экспертларининг ҳаракат доираси чекланганини, Хитой расмийлари жамоатчилик саломатчилиги муҳофазасини баҳона қилиб, уларнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан эркин мулоқот қилишига имкон бермаётганини таъкидлаган.
ЖССТ экспертлар гуруҳига турли мамлакатлардан бўлган мутахассислар кирган. Уларнинг вазифаси Уханда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолатларни тадқиқ қилишга уринишдир. Covid-19 юқтириб олиш бўйича илк ҳолатлар айнан шу шаҳарда қайд этилганди. 2020 йил январида карантинга ёпилган илк шаҳар ҳам Ухань бўлган. Бироқ бу билан вирус тарқалишини тўхтатиб қолишга имкон бўлмаган, вирус ташиган кишилар бошқа мамлакатларда ҳам пайдо бўлиб, хасталар сони тез ўса бошлаган. Бунинг ортидан март ойида эълон қилинган пандемия ҳалигача давом этмоқда. Ўтган давр мобайнида дунё бўйлаб 100 миллиондан зиёд киши коронавирусга чалинган, қурбонлар сони эса 2 миллион 200 минг нафарга етган.
Мутахассисларнинг кўпчилиги коронавирус инсонга хаста жонивордан юққан, деган фикрда. Айни пайтда вирус сунъий йўл билан пайдо қилинганига оид тахмин ҳам тўлалигича истисно қилинган эмас. Хитой расмийлари коронавирус лабораторияда яратилганига оид тахминни қатъиян рад қилиб келадилар.