ЖССТ ишлаб чиқаришдаги қоидабузарликлар важидан “Спутник V”ни маъқуллашни кечиктирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини маъқуллашни яна ортга сурди, ушбу масала ишлаб чиқарувчининг заводида қайта тафтиш ўтказилганидан сўнг ҳал қилинади. Бу ҳақда Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарининг ўринбосари Жарбас Барбоса маълум қилди.

“Ишлаб чиқарувчилар вакцина ишлаб чиқариладиган корхоналар зарур стандартларни жорий этишга розилигини тасдиқлаши лозим. “Спутник V” вакцинаси қўлланишини маъқуллашга келсак, ушбу жараён тўхтатиб турилади, чунки “Спутник V” ишлаб чиқариладиган фабрикалардан бири тафтиш қилинганида тегишли стандартларни жорий этишга розилиги аниқланмаган”, деди Барбоса.

Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти Шимолий ва Жанубий Америкадаги интернационал агентлик бўлиб, ЖССТнинг минтақавий бўлими сифатида иш юритади.

Июнь ойида ЖССТ экспертлар гуруҳи Уфадаги “Фармстандарт-УфаВИТА” корхонаси “Спутник V” ишлаб чиқаришда айрим қоидабузарликларга йўл қўяётганини аниқлаган. Эътирозлар атроф-муҳит мусофазаси ва кимёвий чиқиндилар мониторинги билан боғлиқ. Тафтиш хулосалари вакцина ишлаб чиқарувчиси ва Россия назорат идораларига юборилган.

“Спутник V” Россияда Гамалея номидаги марказнинг “Медгамал” фабрикасида, шунингдек “Биннофарм”, “Р-Фарм”, “Биокад”, “Генериум”, “Лекко” ва “Фармстандарт-УфаВИТА” фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилади.

“Спутник V” вакцинаси Jurabek Laboratories фармацевтика ширкати томонидан Ўзбекистонда ҳам қуйилмоқда. Аввалроқ ширкат вакиллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилажак “Спутник V” вакцинаси шу йилнинг октябрь ойида мамлакат ички бозорига чиқарилишини ҳақида маълум қилишган.

ЖССТ текшируви “Спутник V” ишлаб чиқарувчиси томонидан вакцинани рўйхатга олиш ҳақида ариза берилиши муносабати билан ўтказилган.