ЖССТ “Спутник V” вакцинасини маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини шошилинч қўллаш учун маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлаган – ташкилот реестридаги маълумот шундан далолат бермоқда.

“Спутник V”нинг Twitter’даги расмий саҳифасида айтилишича, вакцинанинг қайта квалификация қилиниши жараёни “жадвалга мувофиқ равишда бормоқда ва якуний босқичга кирган”. ЖССТ инспекторлари гуруҳи зарур текширувларни ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун тез орада Россияга келиши кутилмоқда.

“Спутник V”ни чет элдаги харидорларга етказиб бериш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди вакцина яқин бир неча ой ичида маъқулланишига умид қиляпти.

Сентябрь ойида ЖССТ “Спутник V”ни маъқуллаш ишини тўхтатиб туришга қарор қилгани очиқланган. Бунга вакцина ишлаб чиқариладиган заводлардан бирида иш тегишли талабларга мувофиқ тарзда ташкил этилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

“Спутник V” Россияда Гамалея номидаги марказнинг “Медгамал” фабрикасида, шунингдек “Биннофарм”, “Р-Фарм”, “Биокад”, “Генериум”, “Лекко” ва “Фармстандарт-УфаВИТА” фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилади.

“Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу иш билан Jurabek Laboratories қўшма корхонаси шуғулланмоқда.