ЖССТ Европада COVID-19 нинг янги тўлқини бошланиши ҳақида огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европада коронавируснинг янги тўлқини бошланиши муқаррарлигидан огоҳлантирди. Вируснинг янада юқумли бўлмиш “Дельта” тури қатор мамлакатларда авж олган. Жумладан, Россияда ҳукумат касаллик юқишини ва ўлимларни тўхтатишга уриниб, қайта эмлов кампаниясини эълон қилган.

ЖССТ Европа минтақавий шуъбаси раҳбари Ҳанс Клюге 1 июль куни ўтказилган брифингда Европада 10 ҳафтадан бери кузатилаётган янги касалланиш ҳолатларининг камайиш даври тугаганини, фуқаролар ва қонун чиқарувчилар, агар касаллик қайтадан авж олишини хоҳламасалар, тартиб-интизомга риоя қилишлари лозимлигини маълум қилган.

Клюгега кўра, сайёҳлик соҳаси қайтадан фаоллашиб, ижтимоий чекловлар юмшатилиши манзарасида ўтган ҳафтада янги касаллик юқтириш ҳолатлари 10 фоизга кўпайган.

“Вазият тез ўзгармоқда. “Дельта” номли таҳликали янги тур пайдо бўлди, минтақада эса, ЖССТга аъзо давлатларнинг шунча саъй-ҳаракатларига қарамай, миллионлаб одам эмланмасдан қолмоқда. Агарда тартиб-интизомга риоя қилмасак, ЖССТнинг Европа минтақасида янги тўлқин бошланади”, деган Клюге.

ЖССТ Европа минтақавий шуъбасининг фавқулодда вазиятлар бўйича катта мутахассиси Кэтрин Смоллвуд Евро-2020 футбол матчларига мезбонлик қилаётган шаҳарларни чет эллик футбол мухлисларининг келиб-кетишини қатъий назоратга олишга чақирган.