Қирғизистонда 16 январда "Айт Айт Десе" ва Temirov Live лойиҳасининг 11 нафар журналисти қамоққа олинди.
Қамоққа олинган Temirov Live лойиҳаси директори Маҳабат Тажибек қизи ва бошқа журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Аввалроқ Озодлик Бишкекда 16 январь куни эрта тонгда қатор журналистларнинг уйлари тинтув қилингани тўғрисида хабар берганди. Тинтувдан сўнг журналистлар милиция бўлимларига олиб кетилган.
Бишкекда 15 январь куни ҳам 24.kg ахборот агентлиги Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тинтув қилинганди. Тинтувдан сўнг агентлик биноси муҳрланди ва 24.kg бош директори Асел Оторбаева ва муҳаррир Моҳинур Ниёзова Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроққа олиб кетилган. Улар сўроқдан сўнг озод қилинган. Расман билдирилишича, журналистлар “урушни тарғиб қилиш” моддаси асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
2023 йил сентябрида Россия 24.kg сайтини блоклаган эди. Бунга сайтда Россиянинг Украинадаги босқини, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар, Россияга қарши санкциялар, мобилизацияга оид хабарлар чоп этилгани сабаб бўлган.
Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.