Бишкек шаҳар суди 23 ноябрь куни қуйи инстанция суди ҳукми бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқиш асносида журналист Болот Темировни Қирғизистондан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарди.
Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, суд қарори ортидан Темиров ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамроҳлигида учоқда Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган.
Озодлик мухбирининг Бишкекдаги “Манас” аэропортидан хабар қилишича, кўринишидан ҳуқуқ-тартиботчиларга ўхшаш бир қанча эркак Темировни куч билан учоқ парвоз қиладиган ҳудудга олиб кетишган. Ўша пайтда Москва рейсига миниш вақти тугаётган бўлган.
Бунга оид бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас. Суд ҳукмини ижро қилиш мажбурияти юкланган Ички ишлар вазирлиги ва МХДҚ Чегара хизмати вазият юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.
Суд мажлисларидан бирида Темиров Қирғизистон паспортидан ташқари унда Россия паспорти ҳам борлиги билдирган.
Темировнинг адвокатлари суд қарорини ҳуқуқий бошбошдоқлик деб аташган. Конституциявий қонунчилик бўйича мутахассис Сания Токтогазиева эса Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида “икки пулга қиммат” эканини урғулаб, “бу мутлақо уқувсизларча, қонунга зид бўлган ва одатий бўлмаган судлов”лигини айтган.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси, АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ва Норвегия Хельсинки институти Болот Темировга нисбатан чиқарилган ҳукм бўйича хавотир изҳор қилишган.
Temirov LIVE YouTube-канали асосчиси Болот Темиров Қирғизистонда ўзининг танқидий суриштирув материаллари билан танилган. Сўнгги пайтларда хусусан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бир неча бор мазкур канал танқидига нишон бўлган.
Бу суриштирувлар ортидан шу йил январида Болот Темировга қарши жиноят иши қўзғатилган. У ноқонуний равишда наркотик сақлаганликда гумонланган. Ўшанда Temirov LIVE таҳририяти офисида тинтув ўтказилган эди.
Жорий йилнинг апрель ойида Temirov LIVE Қамчибек Ташиев фарзандларининг давлат тендерларида иштирок этаётганига оид янги суриштирувни ёйинлаган. Шундан сўнг Болот Темировга қарши Қирғизистон Жиноят кодексининг 379-моддаси (“Ҳужжатларни қалбакилаштириш”) ва 378-моддаси (“Қирғизистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтганлик”) бўйича янги жиноят ишлари очилгани маълум бўлган.
Шу йил 28 сентябрь куни Бишкекнинг Свердлов туман суди журналист Болот Темиров икки ҳолат – ноқонуний наркотик сақлаганлик ва давлат чегарасидан ноқонуний ўтганлик бўйича оқлаган.
Айни пайтда журналист паспорт олишда қалбаки ҳарбий билет ва қалбаки вақтинча шахсий гувоҳномадан фойдаланганликда айбдор деб топилган, бироқ жиноят учун жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги туфайли жазодан озод қилинган. Темиров ҳукмнинг шу қисми бекор қилиниши учун уринаётган эди.