Талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳодисалари аниқлангани ортидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети икки ҳафтага карантинга олинди.
Ректор Шерзодхон Қудратхўжага кўра, университет ҳудудида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниб келинаётганига қарамай, айрим талабалар орасидан енгил шаклдаги коронавирус инфекцияси аниқланган.
Ректор инфекция талабалар ва профессор-ўқитувчилар орасида кенг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида университет талабалари жорий йил 12 апрель санасидан 14 кунлик онлайн ўқув тартибига ўтказилишини билдирган.
Бу орада Самарқанддаги 35-умумтаълим мактаби ҳам икки ҳафталик карантинга олингани маълум бўлди. Бунга ўқувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.