Қароргоҳи АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Гулноза Саид (Саидазимова) Ўзбекистон ичига киритилмади.
Қўмита баёнотида билдирилишича, 30 август тонгида Тошкентга учиб келган Гулноза Саидга иммиграция тизимида унинг мамлакатга киришига рухсат йўқлиги қайд этилгани айтилган.
CPJ қайдича, АҚШ фуқаролигига эга Гулноза Саид айни пайтда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтирибди. Унга парвози 1 сентябрга режаланган Нью-Йорк рейси учгунига қадар аэропортда қолиши кераклиги уқтирилган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Гулноза Саид CPJ миссияси билан Грузия ва Латвияга ташриф ортидан яқинларини кўриш учун Тошкентга сафар қилган.
“Ўзбекистон расмийлари Гулноза Саидга мамлакат ичига кириб, ўғлини олиб, хотиржам тарзда ортга қайтишига рухсат беришлари лозим”, деган CPJ президенти Жоди Гинзберг.
Унга кўра, Гулноза Саид Ўзбекистонда ишлаган эмас ва CPJ унинг мамлакатга киритилмаслигини таъқиб шакли деб ҳисоблайди.
Маълумотларга кўра, Гулноза Саид беш ҳафта аввал Ўзбекистонга муаммосиз кириб борган ва икки ҳафта муқаддам мамлакатни муаммосиз тарк этишга муваффақ бўлган эди.