Кадастр раҳбари “таниш-билишчилик” бўлмаслигини ваъда қилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун кучга кириши ортидан Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов фуқароларига мурожаатнома йўллади.

Узоқ йиллар давомида ўзи яшаб келаётган уйини расмийлаштириб олишни ният қилиб юрган ҳалол инсонлар кўп аммо, вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан даромад қилишни режа қилиб юрган “уддабуронлар” ҳам йўқ эмас. Сизларни бундай нопок кимсаларнинг ҳар қандай сўзлари ва ваъдаларига ишонмасликка чақираман!” дейилган мулозим мурожаатида.

Кадастр агентлиги директори таъкидича, маҳаллаларда хатлов аниқ тасдиқланган режа-график асосида, ўн бешдан ортиқ вазирлик ва идора назоратида ўтказилади ва бу жараёнда “тезлаштириб бериш”, “иложини қилиб ўтказиш”, “таниш-билиш” каби ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Кадастрга масъул мулозим фуқароларга фирибгарлик, тамагирлик ёки коррупция ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришни эслатган.

“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун Ўзбекистонда жорий йил 8 ноябридан кучга кирган.

Мазкур қонунга кўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин:

• 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;

• 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;

• “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;

• 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;

• боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;

• кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;

• давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;

• ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.