АҚШ вице-президенти, президентликка номзод Камала Ҳаррис Оқ уй сайтида ўз соғлиғи тўғрисида тиббий ҳисобот ёйинлади. Унда 59 ёшли Ҳаррис соғломлиги, жисмоний ва руҳий жиҳатдан чидамлилиги, чекмаслиги, алкоголни оз ва меъёрида истеъмол қилиши, спорт билан шуғулланиши, фақатгина мавсумий аллергиядан азият чекиши кўрсатилган. Врач хулосасига кўра, Ҳаррис давлат хизмати билан боғлиқ барча вазифаларни, шу жумладан давлат раҳбари лавозимидаги вазифаларни бажаришга қодир.
Ҳарриснинг маслаҳатчилари тиббий ҳисоботнинг ёйинланиши рақибининг ўзини тутиши қаршисида вице-президент учун манфаатли кўринади, деган фикрдалар. Дональд Трамп кўп йиллар мобайни, шу жумладан президент бўлган даврида ўз соғлиғи ҳақидаги маълумотни камдан-кам ва чекланган миқдорда очиқлаб келган. У бу ишни шу кундаги сайловолди кампанияси чоғида ҳам, ҳатто суиқасд уринишидан кейин ҳам қилмаяпти, бу эса, Ҳаррис фикрича, сайловчиларда “78 ёшли Трамп яна тўрт йил президентлик графигига дош бера олиш даражасида соғломми?” деган саволни пайдо қилиши мумкин.
“Ҳар ҳолда, бу Трамп командаси сайловчилар у ҳақда бор ҳақиқатни билишини истамаётганини англатади”, деган Ҳаррис 12 октябрь куни.
Трампнинг сайлов штаби вакиллари бунга эътироз билдиришиб, Трампнинг соғлиғи тўғрисидаги ҳисоботларни унинг врачи Ронни Жексон Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида мунтазам равишда эълон қилиб бораётгани ва бундан Трамп давлат хизмати учун етарли даражада соғлом экани келиб чиқишини айтмоқдалар.
Олий лавозимга номзодларнинг соғлиғига оид масалаларга амалдаги президент, 81 ёшли Жо Байден, таҳлилчилар ва жамоатчиликнинг умумий фикрича, дебатда Трампга ютқазганидан сўнг иккинчи муддатга ўз номзодини қўйишдан бош тортганидан кейин АҚШда кўп эътибор қаратиладиган бўлди. Дебат чоғида Байден паришон кўринган, дудуқланиб, гапидан адашиб кетган эди, буни унга қарши бўлганлар қариликда киши психикасининг ўзгариши ўлароқ баҳолашиб, бу Байденни президентлик вазифаларини бажаришга яроқсиз қилишини иддао қилишганди.
Айни пайтда президентнинг саломатлигига оид ҳисоботлар Оқ уй сайтида мунтазам равишда эълон қилиб турилади ва уларда президентдаги ёш билан боғлиқ барча хасталиклар назорат остида экани ҳамда унда давлат хизматида ишлашга монеълик қилувчи ҳолатлар йўқлиги айтилган.