“Кампиробод иши” бўйича ҳибсда тутиб турилганларнинг яқинлари шу кунда давлат ташрифи билан Бишкекда бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома билан чиқишган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати. Мазкур мурожаат матни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган.
Мурожаатнома муаллифларига кўра, Ўзбекистон президенти ҳибсга олинган сиёсатчи ва фаоллар ҳақида билиши лозим. Қўлга олинганлар яқинларининг иддаосича, “Кампиробод иши” доирасида ҳибсга тутиб турилганлардан ҳеч бири Қирғизистон барқарорлиги ҳамда чегараолди масалаларини ҳал этилиши учун таҳдид туғдирмайди.
“Бугунги кунда бу масала бўйича охирги нуқта қўйилган, бироқ бизнинг алам ва изтиробларимиз қачон тугаши ҳамда тутқунлар узоқ кутилган озодликка қачон чиқишлари маълум эмас. Қамоқхонада эркаклар билан бир қаторда олти нафар аёл ҳам ўтирибди, уларнинг энг ёши улуғи 72 га кирган. [...] Бу мурожаат билан биз сизга имзо чекканингиз келишув кўз ёшларимиз билан ювилганини эслатиб қўймоқчимиз”, дейилган қамоқдаги фаоллар яқинларининг мурожаатида.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан 27 январь куни Бишкекда бўлиб ўтган расмий учрашув чоғида Ўзбекистон билан делимитация жараёни тугаганини, бунинг тарихий воқеа бўлганини билдирган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида қирғизстонлик ҳуқуқ-тартиботчилар “оммавий тартибсизликлар уюштиришга уринганлик” гумони билан 20 дан зиёд сиёсатчи ва фаолни қўлга олишган. Улар ўшандан буён ҳибсда тутиб турилибди. Маҳбусларнинг ўзларига кўра, уларга қарши жиноят иши “уйдирилган”. Улар ўзларининг Кампиробод сув омбори бўйича позициялари ҳамда сув омбор ҳимояси учун қўмита тузганлари қирғиз расмийларига ёқмаганини иддао қилишмоқда. Сиёсатчилар ва фаоллар қўлга олиниши бир қатор йирик ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан қораланган.
Адвокат Гуляна Убалиева 18 январь куни “Кампиробод иши”га Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан махфийлик белгиси қўйилганини маълум қилган. Бироқ ИИВ бу қарор юзасидан Озодликнинг қирғиз хизматига изоҳ беришдан бош тортган.
Президент Садир Жапаров “Кампиробод иши” фигурантларининг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ бераркан, “бугунги кунда ҳибсда бўлганларнинг 90 фоиздан кўпроғи чегара масаласи бўйича ёпиқ муҳокамаларда бир неча бор иштирок этганини айтиб, Кампиробод масаласи Қирғизистон фойдасига ҳал бўлганини қайд этган. Унинг фикрича, қўлга олинганлар “халқни қўзғатиб”, “давлат тўнтариши” уюштиришга ҳаракат қилишган.