Қирғизистон инқон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ўринбосари Альберт Колопов 18 декабрь куни Бишкекдаги тергов ҳибсхонасида “Кампиробод иши” доирасида ушланган тўрт аёл билан учрашди.
Мулозим Озодликнинг қирғиз хизматига очлик эълон қилган Клара Сооронқулова, Перизат Суранова, Рита Қарасартова ҳамда Оразайим Норматовани кўргани борганини айтган.
Колоповга кўра, ҳибсхона шифокорлари аёлларнинг қон босими ва тана ҳароратини ўлчагач, “аҳволлари қониқарли, лекин барчаси мадорсизланиб қолган”, дея хулоса берган.
“Оразайим Норматованинг ошқозони ва юраги касал. Шифокорлар уни касалхонага ётқизиб, кўрикдан ўтказиш кераклигини айтишяпти. Перизат Суранова биз борганимизда уйқуда экан, у билан гаплашиш имкони бўлмади”, деган Колопов.
Аввалроқ жамоат фаоллари ва адвокатлар очлик эълон қилганлардан Оразайим Норматова билан Перизат Суранованинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълум қилишган эди.
Қирғизистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат жазони ижро этиш хизмати 17 киши очлик эълон қилганини билдирган, бироқ уларнинг саломатлиги аҳволини очиқламаган.
Октябрь ойида Қирғизистонда 30 нафарга яқин сиёсатчи ва фаол “Оммавий тартибсизликларни уюштиришга ҳозирлик кўриш” моддаси бўйича очилган жиноят иши доирасида қўлга олинган эди. Суд уларни икки ойга қамоққа олган, декабрда эса қамоқда ушлаб туриш муддати икки ойга узайтирилган.
Маҳбусларнинг ўзлари мазкур жиноят ишини Кампиробод сув омбори ерлари Ўзбекистонга берилишига қарши чиқишгани ва сув омборини сақлаб қолиш мақсадида қўмита тузишгани учун бошланган сиёсий таъқиб, деб ҳисоблашмоқда.
Қамоқ муддати узайтирилгач, бир неча маҳбус норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилган. Ўтган ҳафта охиридаги маълумотга кўра, очлик эълон қилганлар сони 19 кишини ташкил қилади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18 декабрь куни “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маҳбуслар тақдирини суд ҳал этишини айтган.