Президент Садир Жапаров 9 октябрь куни “Кабар” агентлигига берган интервюсида қирғиз-ўзбек чегараси ва Кампиробод масаласи бўйича саволларга жавоб берди. Президент ўз интервьюсида “баҳсли ерларнинг деярли 99 фоизи Қирғизистонга ўтгани”ни яна бир бор таъкидлади. Бундан аввалроқ у худди шундай баёнотни ўз Фейсбук саҳифаси орқали эълон қилганди.
“Эртага (10 октябрь куни) Жогорку Кенеш қўмитасида бу масалани ёпиқ эмас, очиқ эшик ортида кўриб чиқинглар, бутун халқ кўрсин, билсин” дея буйруқ бердим. Фақат Ўзган билангина мамлакат ва ҳалқнинг тақдирини боғлаб қўймаслигимиз керак. Туман даражасидан юқорироқ бўлайлик. Биз Ўш, Жалолобод Боткен вилоятлари билан чеклашган 1400 километр чегарани бутунлай ҳал қилиб, Ўзбекистон билан чегара масаласига абадий нуқта қўямиз”, - деди Жапаров.
Президент Кампиробод сув омбори масаласини кўтараётган мухолифатчиларни танқид қилди:
“Буларни Кампиробод қизиқтирмайди. Улар сиёсат қилишаяпти. Уларнинг мақсади бизни халққа ёмон кўрсатиш, жанжал чиқариб ҳокимиятга келиб олиш. Уларнинг ғализ ниятлари амалга ошмайди”.
Чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг 2021 йил март ойида Тошкентда ўтган йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев иштирок этган эди. У йиғилиш натижалари бўйича жамоатчиликка маълумот берар экан, Кампиробод сув омбори (Ўзбекистондаги номи Андижон сув омбори) тўғонини Ўзбекистон ҳудуди сифатида қолдириб, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишга келишиб олганликларини билдирган.
Шундан сўнг Ўзган шаҳрида бир қанча норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон ҳукумати шу кунгача Садир Жапаровнинг “баҳсли ҳудудларнинг 99 фоизи Қирғизистон ихтиёрига ўтди” қабилидаги баёнотларига муносабат билдирган эмас.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланиб бўлингани маълум қилинган. Айни пайтда баҳсли бўлиб қолаётган 2 фоиз ҳудуд масаласида музокаралар ўтказилмоқда.