АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден 6 январь куни Капитолийга қилинган ҳужум мамлакат тарихидаги энг қора кунлардан бири эканини билдирди.
Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси эса президент Дональд Трампни зудлик билан лавозимидан четлатишга ёки унга импичмент эълон қилишга чақирди. Пелоси Конституцияга киритилган 25-тузатиш асосида Трампни президентликдан четлатишни таклиф қилди.
Байден АҚШ Конгресси биносига бостириб кирган Трамп тарафдорларини “террорчилар” деб атаб, Трампни “демократия институтларига тўлақонли ҳужум уюштиришда” айблади.
АҚШ транспорт котиби Элейн Чао Капитолий штурм қилинишига эътироз билдириб, истеъфога чиқди. Ундан олдин АҚШнинг Шимолий Ирландиядаги махсус вакили Мик Малвейни ҳамда Россия бўйича олий маслаҳатчи Райан Тулли ҳам истеъфога чиққан эди.
Бу орада Трамп биринчи марта Байденни мамлакатнинг 46-президенти сифатида тан олди ва ҳокимият “тартибли йўсинда топширилиши”ни айтди.