Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимовга нисбатан “ҳокимиятни босиб олиш” айблови билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда МХҚ матбуот хизматига таянган ҳолда Озодлик радиоси қозоқ хизмати хабар берди.
Расман билдирилишича, собиқ раиснинг икки ўринбосарига ҳам мазкур модда асосида айблов билдирилган.
Карим Масимов Қозоғистонда 2 январь куни оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетгани ортидан 6 январь куни лавозимидан бўшатилган эди. У ўша куннинг ўзидаёқ ҳибсга олинган. Дастлаб унга “давлатга хиёнат” айблови билан жиноят иши қўзғатилганди.
56 ёшли Масимов 20 йилдан зиёд вақтдан бери Назарбоевнинг энг яқин одамларидан бири эди. У икки марта- 2007-2012 ва 2014-2016 йилларда бош вазир лавозимига ўтирган.
Ундан олдин транспорт ва коммуникациялар вазири, иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, давлат котиби ва президент маъмурияти бошлиғи бўлиб ишлаган, МХҚга эса 2016 йилда раҳбар этиб тайинланган.