“Катта еттилик” лидерлари Украина ва Россия бўйича баёнот қабул қилишди

G7 лидерлари Хиросимада (Япония), 2023 йил 19 майи

“Катта еттилик”ка (G7) кирган мамлакатлар лидерлари Хиросимадаги саммитда Украина ҳамда Россия тўғрисида баёнот қабул қилишди. 11 банддан иборат ҳужжат Оқ уй сайтида ёйинланди.

Баёнотга кўра, G7 мамлакатлари Украинани тўлиқ дастаклашларини билдирганлар. Россия босқини ноқонуний, асоссиз ва ишғол мақсадидаги уруш дея таърифланган. Ҳужжатда Россия Украинага ҳужум қилиш билан халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хартиясини бузгани урғуланган. G7 Россия қўшинларининг Украина ҳудудидан тўлалигича ва эътирозсиз чиқиб кетишини талаб қилган.

“Катта еттилик” лидерларини энг кўп ташвишлантирган жиҳат Украинанинг атом хавфсизлиги, хусусан, Запорожье АЭС хавфсизлиги бўлган. Мамлакатлар АЭХАнинг бу соҳадаги саъй-ҳаракатлари дастаклашларини, бунга бошқа давлатларни ҳам чақиришларини билдиришган.

G7 Украинага ҳам ҳарбий дастак, ҳам Халқаро валюта жамғармаси воситачилигида тикланиш даврида иқтисодий ёрдам беришини тасдиқлаган. Бунда биринчи навбатда энергетик инфратузилма тикланишига эътибор қаратилади.

Айни пайтда, ҳужжатда таъкидланишича, “Катта еттилик” мамлакатлари Украинада коррупцияга қарши кураш ҳамда суд ислоҳоти олиб борилишини қўллаб-қувватлайди.

Россия масаласига келсак, G7 санкция сиёсатини бундан буён ҳам давом эттириш ниятида. Ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган ҳар қандай маҳсулот, материал ва технологиянинг Россияга экспорт қилиниши бўйича тақиқлар кўлами кенгайтирилади. Санкциялар қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва гуманитар мақсадли маҳсулотлар экспортига дахлдор бўлмайди. “Катта еттилик” Россия ҳарбий машинасини воситачи сифатида ёки ўзлари дастаклаётган учинчи мамлакатларга қарши ҳам чоралар кўрмоқчи.

G7 Россиядан нефть ва газ сотиб олишдан воз кечиш ёки уларга сотиш мумкин бўлган энг юқори нархни белгилаш ҳамда металл ва олмос импортидан воз кечиш сиёсатини давом эттиради.

“Катта еттилик” Европа Кенгаши доирасида Украинага етказилган зарар регистрининг тузилишини олқишлаган. Лидерлар фикрича, Россия бу зарарни қоплаши шарт. G7 га кирган мамлакатлар ўз ҳудудларидаги Россия активларини музлатади ва имкон бўлган тақдирда, мусодара қилади.

Украинани дастаклаш билан бир қаторда “Катта еттилик” ночор мамлакатларнинг озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиради.

G7 дунёдаги иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатларнинг норасмий сиёсий бирлашмаси бўлиб ҳисобланади. Мазкур гуруҳга АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Япония киради. Шунингдек, “Катта еттилик” саммитида Еврокомиссия вакиллари ҳам иштирок этишади.

Аввалроқ Хиросимадаги G7 саммитида Украина президенти Владимир Зеленский ҳам иштирок этиши айтилган, бироқ у анжуманда шахсан иштирок этадими ёки онлайн форматидами – ҳозирча маълум эмас.