2024 йилги Париж Олимпиадасида дзюдо бўйича чемпионликни қўлга киритган Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланган. Бу ҳақда агентлик директорининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон президентининг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева Instagram тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
“Бу қарор қоғоздаги гап эмас, балки жамиятимиздаги чуқур ижобий ўзгаришлар рамзидир. Диёранинг ОЛИМПИАДАДАГИ ҒАЛАБАСИ илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади”, деб ёзган Шаҳноза Мирзиёева.
Президентнинг кичик қизига кўра, Диёра Келдиёрованинг махсус вакил сифатидаги янги вазифаси Ўзбекистондаги барча аёллар учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаган ҳолда исталган соҳада чўққига чиқиши мумкинлигига ўзига хос чорлов бўла олган.
“Ишончим комилки, Диёранинг фаолияти нафақат мамлакатимизда гендер тенглигига эришишни тезлаштиради, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди ҳамда бутун дунё аёлларини руҳлантиради”, деб ёзган Шаҳноза Мирзиёева.
Самарқандлик Диёра Келдиёрова Парижда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича беллашувларнинг 52 килограммгача вазн тоифасида барча рақибаларини енгиб, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида илк олтин медалга эга бўлган эди. Финал баҳсида у 2020 йилги Олимпиада чемпиони косоволик Дистриа Красника устидан ғалаба қозониб, чемпионлик шоҳсупасига чиқишга муваффақ бўлган.