Олий Мажлис Сенати тўй куни куёвидан калтак еган келин воқеасига муносабат билдирди. Унда айтилишича, келин куёвни кечирган ва у билан бирга яшай бошлаган.
“Қалампир уз” нашрининг хабар беришича, Сенатнинг Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси 6 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун туманидаги тўйда содир бўлган ҳолат бўйича ўрганиш олиб борган.
“Воқеа юз берганидан кейин маҳалладаги отахон ва онахонлар, келин-куёвнинг яқинлари иштирокида воқеа муҳокама этилиб, куёвнинг қилмиши нотўғри бўлгани танқид қилинган. Йигит қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, келиндан кечирим сўраган. Шу куннинг ўзида келин-куёв ярашиб кетган, ҳозирги пайтда улар бирга истиқомат қилмоқда”, дейилади Сенат билдирувида.
Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманидаги тўйда “ўйин ўйнаб келиндан ютилиб қолган куёв” келиннинг бошига мушт туширгани акс этган видео кенг тарқалган ва қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди.
Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кенг тарқалган. Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, 2019 йилда мамлакатдаги зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказларига 22 мингдан ортиқ хотин-қиз мурожаат қилган. Худди шу йили 1000 га яқин аёл маиший зўравонлик қурбони бўлгани айтилади.