Норвегия Россия фуқароларининг мамлакатга кириши бўйича қўшимча чекловларни жорий қилди. Жорий йилнинг 29 майидан Норвегияга туризм ёки “биринчи даражали бўлмаган аҳамиятга эга” мақсадларда келаётган россияликларнинг мамлакатга кириши тақиқланади. Истисно тариқасида фақат яқин қариндошлариникига келаётганлар ёки Норвегия ва Шенген ҳудудида ишлаш ва ўқиш мақсадида келаётганлар россияликлар учунгина мамлакатга киришга рухсат берилиши мумкин.
Норвегия ҳукумати хабарномасида мазкур чеклов 2022 йил баҳоригача Норвегия томонидан берилган визага эга бўлганларга ҳам, Шенген шартномасини имзолаган бошқа мамлакатлар томонидан берилган визага эга бўлган фуқароларга ҳам тегишли экани қайд этилган.
Норвегия Москва қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин россияликларнинг мамлакатга киришига чеклов жорий қилган ва туристик визалар беришни қарийб тўхтатиб қўйган эди.
Аввалроқ Ғарбий Норвегиядаги полиция хавфсизлик хизмати (PST) раҳбари Торгилс Лутро NRK телеканалига берган интервьюсида минтақада Россия разведкаси агентлари фаолият юритаётганини айтган эди. Мулозимга кўра, Россия ўта муҳим бўлган инфратузилма объектларига қарши диверсиялар ҳозирлаши мумкин.
Ғарбий Норвегияда Шимолий Европадаги энг йирик Хоконсверн ҳарбий-денгиз базаси ҳамда муҳим нефть-газ объектлари, электр станциялари ва электр таъминоти билан боғлиқ бошқа объектлар жойлашган.
PST сўнгги пайтларда Россиянинг бир неча агенти фош қилинганини билдирган, бироқ улар сонига аниқлик киритган эмас.