“Ўзбекистон темир йўллари” “Қазақстан темир жоли” билан келишилган ҳолда икки мамлакат ўртасида поезд қатновини тиклашга қарор қилди.
Ширкат ахборот-таҳлилий медиа маркази маълумотига кўра, 2022 йил 1 апрелидан Нукус – Бейнеу – Нукус йўналишидаги 647/648-сонли поезд қатнови йўлга қўйилади.
“Ушбу поезд “Нукус” вокзалидан ҳафтанинг ҳар сешанба, жума ва якшанба кунлари ва “Бейнеу” станциясидан ҳар душанба, чоршанба ва шанба кунлари жўнатилади”, дейилган “Ўзбекистон темир йўллари” хабарномасида.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги йўловчи поезд қатновлари коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил март ойидан тўхтатилган эди.
“Ўзбекистон темир йўллари” бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилаётганини қўшимча қилган.