Киевда 12 февраль куни бир неча минг киши иштирокида “Бирдамлик марши” бўлиб ўтди. Марш иштирокчилари Россия Украинага ҳужум қилган тақдирда, агрессия қарши “муносиб жавоб қайтариш”га қасамёд қилдилар.
Марш иштирокчилари давлат байроғини кўтариб, “Украиналиклар қаршилик кўрсатади” деган ҳайқириқ билан Киев кўчаларидан ўтдилар. Улар Мустақиллик майдонида Украина гимнини куйладилар.
Норозилардан айримлари “Уруш - жавоб эмас”, “Босқинчиларга ўлим” каби шиорларни кўтариб олган эди.
Тадбир ташкилотчилари маршни ўтказишдан мақсад дунё ҳамжамияти эътиборини Украина ва Россия агрессиясига қаратиш эканини таъкидлади.
Херсон вилоятидаги ҳарбий машғулотларни кузатаётган Украина президенти Володимир Зеленский Россия исталган вақтда ҳужум қилиши мумкинлигини, аммо бу борада тарқатилаётган турли “фитна ва ваҳима уйғотувчи маълумотларга учмаслик” кераклигини таъкидлади.
Зеленский ўз баёнотида Россия ҳужум қилган тақдирда ҳам Киев, Одесса, Ҳарьков ва Украинанинг бошқа бирор шаҳрини эгаллай олмаслигини айтди.