Кипр Алишер Усмоновнинг синглисини "олтин паспорт"дан маҳрум қилди

Алишер Усмонов. Москва, 24 март, 2016

Кипр ҳукумати инвестиция дастури доирасида чет элликларга берилган “олтин паспорт”ларни бекор қилишда давом этмоқда. 77 кишидан иборат навбатдаги рўйхатни Politis нашри эълон қилди.

Нашрга кўра, ушбу рўйхат тахминан бир ой аввал тузилган бўлиб, унда қайд этилган шахслар бўйича Кипр ҳукуматининг қарори аллақачон қабул қилинган. “Рўйхатга россиялик машҳур миллиардерлар, шунингдек фирибгарлиги ва молиявий жиноятлари учун биринчи рақам билан халқаро қидирувга берилган малайзиялик биржа брокери Жо Лоу киритилган”, дейилади мақолада.

Мавзуга алоқадор Германия полицияси Алишер Усмонов ҳақидаги Х даги ёзувларини ўчириб ташлади

Айтилишича, нафақат чет эллик инвесторлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам “олтин паспорт”ларидан айрилган. Politis чоп этган ҳужжат нусхасида рус олигархларининг исмлари билан бир хил исмларни кўриш мумкин, исмлар ёнида эса шахснинг яқин қариндошларида мавжуд “олтин паспорт”лар сони қавс ичида кўрсатилган. Хусусан, рўйхатда “Русал” асосчиси Олег Дерипаска (+3), унинг тоғаваччаси Павел Езубов (+6), “Сафмар” гуруҳи асосчиси Михаил Гуцериев (+7), хонанда Алсунинг собиқ эри ва бизнесмен Ян Абрамов (+4), “Альфа-Групп” асосчиси Алексей Кузмичёв (+5), Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова (+1), Челябинск вилояти собиқ губернатори Михаил Юревич (+7), “Русагро” эгаси Вадим Мошкович, шунингдек “Меркурий” ширкатлар гуруҳи эгаси Игор Кесаев (+1), “Шереметьево” директорлар кенгашининг собиқ раиси Александр Пономаренко (+4), ФСБ собиқ терговчиси Сергей Ковбасюк (+4), “Транснефть” раҳбари Николай Токаревнинг қизи Майя Болотова (+1) ва бошқалар бор.

Рўйхатда ушбу шахсларнинг паспорт олишига кўмаклашган воситачилар, жумладан юридик ва аудиторлик фирмалари номлари ҳам келтирилган.

Politis ёзишича, Кипр “олтин паспорти” собиқ эгаларидан баъзиларига нисбатан жиноят ишлари очилган ва полиция тергов олиб бормоқда. Нашр чет эллик ёлғон ёки чалғитувчи маълумот тақдим этган, судланганлиги аниқланган ёки натураллаштириш шартларига риоя қилмаган ҳолларда у инвестиция дастуридан ўчирилишини эслатиб ўтган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Нега Ўзбекистон санкциядаги олигарх Усмонов ҳимоясига киришди?”

Ўтган йилнинг ноябрида суриштирувчи журналистлар бирлашмаси (ICIJ) Кипр ҳукуматини 10 йилдан бери россиялик бизнесменларга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётганликда айблаб чиққан эди. Журналистларга кўра, санкцияларга учраган россиялик тадбиркорлар Кипр кўчмас мулк бозорига сармоя тикишган ва уларнинг инвестициялари мамлакатда қурилишлар авж олишига олиб келган.

2024 йилнинг октябрида Кипрнинг энг йирик банки – Bank of Cyprus Украинага тўлақонли босқин бошланганидан сўнг Россия фуқароси бўлмиш етти минг нафар мижозига тегишли 20 мингга яқин ҳисоб рақамни ёпгани хабар қилинди. Forbes манбаси нафақат Bank of Cyprus, балки Hellenic Bank ва Alpha Bank сингари маҳаллий банклар ҳам санкцияга йўлиқишдан қўрқиб россияликларнинг ҳисобрақамларини ёпа бошлаганини айтди.

Ўзбек аслли россиялик олигарх Алишер Усмонов 2022 йил февралда, Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлаганидан атиги бир неча кун ўтиб ЕИ санкцияларига учраган. ЕИ санкциялари асосламасида Усмонов “Россия президенти Владимир Путин билан жуда яқин алоқаларга эга олигарх” дея таърифланган эди. Кейинроқ Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Австралия, Канада ва Япония ҳам унга нисбатан санкциялар қўллади. Ушбу мамлакатлар олигархнинг Кремлга яқинлигини урғулаб, уни Путин режимини дастаклашда айблаган.

Алишер Усмонов Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда у 13,4 млрд доллар бойлиги билан Forbes тузган россиялик миллиардерлар рейтингида 9-ўринни эгаллаган.

Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам санкция қўлланганлар рўйхатида. Унда Ўзбекистондан ташқари, Россия фуқаролиги ҳам бор.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Алишер Усмонов Путинга “яқин эмас”лигини исботлай оладими?

2022 йилда Financial Times газетаси Ўзбекистон ҳукумати ЕИдан Алишер Усмоновга солинган санкцияларни бекор қилишни сўрагани ва буни чекловлар тадбиркорнинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритишига халал бераётгани билан изоҳлагани ҳақида ёзган эди. Расмий Тошкент Гулбаҳор Исмоиловани ҳам “қора рўйхат”дан чиқаришни илтимос қилгани айтилади. Маълумотларга кўра, Исмоилова олигарх акасининг айрим активларига эгалик қилади, жумладан, 600 миллион доллар турадиган “Дилбар” суперяхтаси ҳам унинг номига расмийлаштирилган.

Жорий йилнинг май ойида Европа иттифоқи суди Гулбаҳор Исмоилованинг санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этган.