АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер юз ёшида вафот этди

Киссинжер Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг катта таъсир кучига эга бўлган АҚШ давлат котиби сифатида тилга олинади.

АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер 29 ноябрда вафот этди. У юз ёшда эди.

Киссинжер Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг катта таъсир кучига эга бўлган АҚШ давлат котиби сифатида тилга олинади. У 1969 йилда президент Ричард Никсоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. 1973 йилда эса давлат котиби бўлган.

Никсон истеъфосидан сўнг у президент Форд маъмуриятида давлат котиби лавозимида ишлашда давом этган.

Киссинжер 1971 йилда олиб борган махфий сўзлашувлар ортидан президент Никсон Хитойга тарихий сафар қилди. Бу ташриф АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига сабаб бўлди.

Киссинжер Совет Иттифоқи билан муносабатларни қатъий яхшилаш тарафдори эди. Унинг СССР раҳбарияти билан олиб борган мулоқотлари оқибатида сиёсий кескинлик юмшатилди ва ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича АҚШ-СССР шартномаси имзоланди.

Генри Киссинжер Шимолий Вьетнам билан олиб борган узоқ йиллик музокаралар натижасида Вьетнам уруши тўхтатилди ва АҚШ ҳарбийлари Жанубий Вьетнамдан чиқарилди. Шундан сўнг у Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

Киссинжер ўз мақсадига эришиш учун ҳар қандай воситалардан тап тортмаслиги ортидан танқидларга учраган. Жумладан, у Чилида 1973 йилда содир этилган ҳарбий тўнтаришни қўллаб-қувватлаган. Вьетнам уруши даврида эса у Комбожа ва Лаосни бомбардимон қилишга рухсат берган.

1975 йилда президент Форд Киссинжернинг чақириғи билан Индонезия армиясининг Шарқий Тиморга бостириб киришига рухсат берган. Бунинг оқибатида Шарқий Тиморда юз мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Давлат котиби лавозимини тарк этганидан сўнг ҳам Киссинжер АҚШдаги энг нуфузли ва таъсири кучли сиёсатчи сифатида қолаверди. У АҚШнинг деярли барча президентлари, жумладан, Дональд Трампнинг ҳам норасмий маслаҳатчиси сифатида тилга олинган.


Генри Киссинжер Германияда туғилган. У 1938 йилда – 15 ёшлигида оиласи билан АҚШга кўчиб ўтган. АҚШ армиясида хизмат ўтаганидан сўнг Ҳарвард университетида ўқиган.