Киев расмийлари Россиянинг Украина билан чегараси яқинидаги ҳарбий фаоллигини муҳокама қилиш учун москвалик расмийлар билан учрашишни истаяпти. Бунга оид сўровнома 2011 йилда имзоланган ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги битимга биноан йўлланган.
“Москва Украинанинг қўшинлар ҳаракати бўйича тушунтириш бериш сўралган мурожаатига жавоб бермаганидан сўнг Киев “Вена ҳужжати” доирасидаги мазкур учрашув учун сўров юборди”, дея маълум қилган Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Твиттер”даги саҳифасида.
Украина бош дипломатига кўра, Россия тарангликни юмшатиш ва шартнома аъзолари хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун зиммасидаги мажбуриятларни бажариши лозим.
Вена ҳужжати 2011 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан қабул қилинган. У томонларнинг ўз ҳарбий тузилмалари қисмларининг жойи, улар сонининг ортиши, мақсадлари ва кучайтириш сабабларига доир маълумотларни ўзаро алмашишини назарда тутади.
11 февраль оқшомида Украина Россиядан унинг шарқий чегаралари ва аннексия қилинган Қримдаги ҳарбий фаоллиги хусусида маълумот сўраб мурожаат қилганини билдирган. Кремль бу сўровга жавоб қайтармаган. 13 февраль куни Болтиқбўйи мамлакатлари Минскка айни мазмунда сўров юборгани маълум бўлган. Польшанинг ЕХҲТдаги ваколатхонасига кўра, мазкур сўров бўйича учрашув 14 февралга тайинланган.
Россия учрашувда иштирок этишга рози бўлган тақдирда ҳам уни Польша олиб боради. Йиғилиш якунида давлатларга чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш ва ташвиш туғдирган ҳарбий фаолликни тўхтатиш чора-тадбирлари тавсия этилиши мумкин.
13 февраль куни Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан чегарадаги вазият ҳақида АҚШ президенти Жо Байден билан бир соатдан ортиқ суҳбатлашган. Оқ уй хабарномасида айтилишича, президентлар музокараларни ва Москвани тийиб туришга қаратилган ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олганлар.