Украина урушни тўхтатиш йўлларини излаб топиш учун иккинчи тинчлик саммитини АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловига қадар ўтказишни истаяпти. Бу тадбирда июнь ойида Швейцарияда бўлиб ўтган биринчи саммитдан фарқли ўлароқ Россия вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги украиналик ва ғарблик қатор дипломатлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, Киев Дональд Трамп президентликка сайланган тақдирда Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиши ёки анча чеклаб қўйиши мумкинлигидан чўчмоқда.
Шу билан бирга, агентликнинг ғарблик манбалари бу каби учрашув фақат унда “аниқ мақсад” бўлгандагина ва “аниқ натижалар”га эришилгандагина ўтказилиши мумкинлигини билдиришяпти.
Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин Bloomberg хабари юзасидан изоҳ бераркан, Москва Украинанинг тинчлик саммитига ўхшаган тадбирларда иштирок этиш ниятида эмаслигини билдирган.
Дипломатга кўра, бундай тадбир мазмун-моҳияти қандай бўлиши “ҳаммага аён”. Галузин у ерда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг мутлақо боши берк кўчага кириб қолган ва ультиматум шаклидаги формуласини олға суриш ниятидаги аввалги баёнотлар жаранглашини қайд этган. Айни пайтда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ҳар қанақа мулоқотга очиқлиги, бироқ бу ерда “гап нима ҳақида бораётганини англаш муҳим”лигини билдирган.
Ўнлаб мамлакат лидерлари ва юқори лавозимли мулозимлари иштирокида ўтган Швейцария саммити коммюнике қабул қилиш ҳамда ядровий ва озиқ-овқат хавфсизлиги дохил қатор масалаларни мувофиқлаштириш билан якунланган. Айни пайтда у ерда урушни тўхтатишнинг аниқ механизмлари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Россия Швейцарияда ўтказилган учрашувда иштирок этмаган ва тадбирнинг ўтказилишига ўта ишончсизлик билан қараган. Саммит арафасида президент Владимир Путин Киев олдига Россия томонидан аннексия қилинган Украинанинг тўртта вилояти ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш талабини қўйган. Россия президенти бунинг эвазига зудлик билан ўт очишни тўхтатишни ваъда қилган. Украина бу шартларни рад этган.