Украина президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг (МХМК) 30 сентябрдаги қарорини амалга татбиқ қилувчи фармонни имзолади. Мазкур қарорда Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиш имконсизлиги ҳақида гап боради. МХМК қарори Россия томонидан Украина ҳудудлари аннексия қилинганига жавобан қабул қилинган.
Зеленский фармони 4 октябрь куни эълон қилинди. Шунингдек, Украина президенти, Олий рада раиси ва бош вазирнинг НАТОга мурожаати матни маъқулланди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг Путин билан музокаралардан бош тортишини изоҳлай туриб, “энди ё амалдаги президент позициясининг ўзгаришини кутамиз, ёки Украина халқи манфаати йўлида ўз позициясини ўзгартирадиган кейинги президент келишини кутиб қоламиз”, деди.
Зеленский 30 сентябрь куни Украина жадаллаштирилган тартибда НАТОга кириш учун ариза беришини очиқлаган. Ўшанда у, токи Россиянинг президенти Владимир Путин бўлиб қолар экан, Украина бу мамлакат билан музокаралар олиб бормаслигини билдирган.
Аввалроқ президент Путин Москва Киев билан музокараларга тайёр экани ҳақида бир неча бор билдирган, бироқ бирор марта ҳам музокараларда шахсан ўзи иштирок этишига ишора қилган эмас.