Киев яқинидаги Погреби қишлоғида журналист Павел Шеремет ўлими билан боғлиқ ишни кўриб чиққан судья Виталий Писанец ўлик ҳолда топилган. У мазкур жиноятни амалга оширишда гумонланганларнинг ҳибс муддатини бир неча бор чўздирган эди.
Писенецнинг ўлимига нима сабаб бўлгани очиқлангани йўқ, бироқ Давлат тергов бюроси “қасддан одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноят иши очган.
Журналист Павел Шеремет 2016 йилнинг 20 июль куни Киевда ўлдирилганди. Ўша куни у тонгги радиоэфирни олиб бориш учун ишга отланган, бироқ студиягача етиб боролмаган – журналист бошқариб бораётган автомобиль унинг тагига ўрнатилган портлаш мосламаси ёрдамида портлатилган.
2019 йил декабрида терговчилар қотиллик фош этилганини билдирганлар, бунинг ортидан уч нафар украиналик – мусиқачи Андрей Антоненко, болалар кардиохирурги Юлия Кузьменко ва ҳарбий ҳамшира Яна Дугарь ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси Донбассдаги аксилтеррор амалиётларида иштирок этишган. Гумонланувчилар ўзларига қўйилган айбловни тан олишмаган.