Киевда қозоқ мухолифатчисига суиқасд уюштирилди

Айдос Садиқов

Украина пойтахтида 18 июнь куни эрталаб қозоғистонлик мухолифатчи, “Бәсе” ахборот канали раҳбари Айдос Садиқовга суиқасд уюштирилган. Бу ҳақда унинг рафиқаси, журналист Наталья Садиқова Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

“Бугун Киевда Айдос Садиқовга ўз уйи олдида суиқасд содир этилди”, деб ёзди мухолифатчининг рафиқаси.

“Суспільне” хабарига кўра, номаълум шахс Садиқов машинада ўтирган пайтда уни ўққа тутган. Мухолифатчи касалхонага олиб кетилган, автомобилда унинг ёнида ўтирган хотини эса жабрланмаган. Полиция ҳужумчини қидиришга киришган.

Украина Миллий полицияси Садиқовнинг машинаси фотосуратини ёйинлаган, кадрда машинанинг ҳайдовчи томонидаги эшиги ойнаси отилган ўқдан парчаланиб кетганини кўриш мумкин.

Айдос Садиқов Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Хусусан, у Тоқаевни россияпарастликда айблаб келади.

Эр-хотин Садиқовлар Қозоғистонда Наталья Садиқовага нисбатан жиноят иши очилганидан кейин 2014 йилда Ақтўбедан Киевга кўчиб ўтишган.

Айдос Садиқов ҳам ватанида, ўз иддаосига кўра, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб келинган. Улар Украинада қочқин мақомини олишган.

“Бәсе” youtube-каналини юритиб келган Айдос ва Наталья Садиқовалар ўтган йилнинг кузида низо қўзғатганлик айблови билан Қозоғистон расмийлари томонидан қидирувга берилган эдилар.