Киевда қрим татарлари қатлиоми қурбонлари ёдгорлиги очилди

Қрим татарлари лидери Мустафо Жамилев (ўнгда) ва Украина президенти Владимир Зеленский Киевдаги ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросимида, 2024 йил 11 сентябри

Украина пойтахти Киевда Қрим платформасининг дунёдаги қатор мамлакатлар юқори лавозимли вакиллари билан халқаро учрашуви бўлиб ўтди. Россия томонидан аннексия қилинган Қримни Украина назоратига қайтариш муаммосига бағишланган бу каби конференциянинг биринчиси 2019 йилда ўтказилган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўз чиқишида Қрим учун курашишда давом этаётганини, бу ишни фақат ҳудудий яхлитликни тиклаш учунгина эмас, балки аннексия туфайли яриморолни тарк этишга мажбур бўлган қримликларга нисбатан адолат тикланиши учун ҳам қилаётганини таъкидлади.

Киевдаги Тинчлик хиёбонида 11 сентябрь куни Қрим татар халқи қатлиоми қурбонлари хотирасига ёдгорлик обидаси очилди. Зеленскийга кўра, ёдгорлик бу халқ ҳаётидаги учта фожиали воқеа — 1783 йилда Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши, 1944 йили СССРда қрим татарларининг бадарға қилиниши ва 2014 йилдаги аннексияни ёдга солади.

Украина Олий радаси 2015 йили 1944 йилдаги депортацияни қрим татар халқи геноциди ўлароқ тан олган, дунёдаги бошқа яна бир неча мамлакат ҳам бу воқеага шундай баҳо берган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон форум иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилган. Унга кўра, Анқара Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини дастаклайди.

Эрдўғон Туркия “чин юракдан урушнинг адолатли ва барқарор тинчлик билан тугашини тилаши”ни, Қримнинг Украинага қайтарилиши эса халқаро ҳуқуқ талаби эканини урғулади”, деб ёзган Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги.