Россия Қуролли кучларининг 8 июль куни Украина ҳудудларига берган ракета зарбаси оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 33 киши ҳалок бўлган, 170 дан зиёд одам яраланган.
Қурбонларнинг 20 дан зиёди Киев шаҳрига тўғри келади. Энг катта талафот пойтахтдаги "Охматдет" болалар касалхонасига тўғри келган.
Украина Бош прокуратураси ракета ҳужуми ортидан уруш қонунлари ва одатларининг бузилиши ҳолати бўйича жиноят иши очган.
“Шаҳарнинг Подол, Деснянский, Святошино, Голосеев, Днепр, Соломенский, Дарница ва Шевченко туманларида қутқарув ишлари олиб борилмоқда”, дея билдирган Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати.
Шевченко туманида 1500 кв метр майдондаги ёнғин ўчирилган.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский россияликлар томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми юзасидан изоҳ берган эди. Зеленскийга кўра, Россия ҳужум чоғида турли русумдаги 40 та ракетадан фойдаланган.
“Одамларни қутқариш учун барча хизматлар жалб қилинган. Рус зарбасига ниҳоят якун ясалиши учун бутун дунё ўз қатъиятини ишга солиши лозим. Путин олиб келаётган нарса қотилликдир. Биз фақат бир бўлганимиздагина ҳақиқий тинчлик ва хавфсизликни қарор топтиришимиз мумкин”, деб ёзган Украина президенти.