Киевда ўзига қарши уюштирилган суиқасддан икки ҳафта ўтиб қозоқ мухолифати фаоли ва журналист, “Бәсе” YouTube-канали асосчиси Айдос Садиқов оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Наталья Садиқова маълум қилди.
Аёлга кўра, мухолифатчининг жони Киев вақти билан соат 3 да (Тошкент вақти билан тонгги соат 5 да) узилган.
“Менинг севикли эрим, уч фарзандимизнинг отаси, қозоқ халқининг буюк ўғли Айдос Қозоғистон учун жонини берди, қотиллар дастидан шаҳид бўлди. Айдос жонлантириш бўлимида ўн уч кун давомида ҳаёт учун курашди, бироқ мўъжиза рўй бергани йўқ. Унинг ўлими учун масъулият [Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт] Тоқаевнинг бўйнида”, деб ёзган Садиқова Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.
Айдос Садиқов 18 июнь куни Киевдаги ҳовлиларнинг бири олдида отиб кетилган эди. Аввалроқ Наталья Садиқова ўқ Айдоснинг чаккасига теккани, бош мияси жароҳатлангани ҳақида билдирган. Наталья суиқасдда Қозоғистон расмийларини айблаган ва президент Қасим-Жомарт Тоқаевни “жиноятдан манфаат кўрувчи киши” деб атаган эди.
Айдос ва Наталья 2014 йилда Ақтўбедан Киевга кўчиб ўтишган. Улар Украинада қочқин мақомини олишган. Айдос Садиқов ватанида, ўз иддаосига кўра, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб келинган. Ўтган йил кузида эр-хотин Садиқовлар Қозоғистон расмийлари томонидан низо қўзғатганлик айблови билан қидирувга берилган. Садиқовнинг ўзи ўша пайтда Озодликнинг қозоқ хизматига берган изоҳида жиноят иши сиёсий сабабга кўра қўзғатилганини айтган.
Садиқовлар томонидан юритиб келинган “Бәсе” youtube-канали ва телеграм-каналида Қозоғистон расмийлари танқид қилинган видеороликлар чоп этилиб келади. Айдос Садиқов яқиндаги видеолардан бирида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни россияпарастликда айблаган эди.
Украина Миллий полицияси 18 июнь куни Киевдаги Ярмола кўчасида номаълум шахс хотини билан машинада ўтирган бир эркакни ўққа тутиб, воқеа жойидан қочиб кетгани ҳақида маълумот тарқатган. Кейинроқ РБК-Украина сайти суиқасд уюштирилган кишининг 2014 йилдан буён Киевда яшаб келаётган қозоғистонлик журналист Айдос Садиқов экани ҳақида хабар қилган.
Украина прокуратураси Садиқов тирик экани, бироқ унинг аҳволи оғир дея баҳоланаётганини, унинг хотини жароҳат олмаганини маълум қилган. Украина Бош прокуратураси суиқасд бўйича қозоғистонлик икки фуқаро — Мейрам Қаратаев ва Алтай Жақанбаевга айблов эълон қилган.
Терговчилар маълумотига кўра, уларнинг иккаласи ҳам Садиқовга суиқасд ортидан Украина ҳудудини тарк этишган.
22 июнь куни Қозоғистон Бош прокуратураси Алтай Жақанбаев қўлга олингани ҳақида маълум қилган. Қозоғистон прокуратураси қайдича, унинг ўзи ички ишлар идораларига мурожаат қилган. Қозоғистон парламенти сенати раиси Маулен Ашимбаев Остона қўлга олинган қозоғистонликни Украинага топширмоқчи эмаслигини билдирган. Шунингдек, у Қозоғистон расмийлари мухолифат фаолига суиқасддан манфаатдор бўлмаганини урғулаб, Остонанинг манфаатдорлигига оид ҳар қандай баёнотни “провокация ва уйдирма” деб билишини айтган.
Садиқовга суиқасддан кейин президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистондаги давлат идоралари “ҳақиқатни аниқлашга кўмаклашиш” учун терговга бош қўшишга тайёр эканини билдирган. У Қозоғистон “қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидан бораётгани” ва “жамиятдаги барча коллизиялар, қарама-қаршиликларни фақатгина ҳуқуқий асосда ҳал қилиш лозим”лигини таъкидлаган.