Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўз телеграм-канали орқали Украинадаги ватандошларга мурожаат қилди.
“Дунё” ахборот агентлиги қайдича, элчихона Украинадаги ўзбекистонликлардан “текширилмаган, сохта маълумотларни тарқатмаслик ва ваҳимага тушмаслик”ни сўраган.
Айни пайтда дипломатлар Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина давлат идоралари ҳамда ватандошлар билан доимий алоқада эканини, бирор муаммо туғилган тақдирда элчихонага электрон почта ва телефон орқали ёки элчихона ходимларининг телеграм-адресларига мурожаат қилишни сўрашган.
Дипломатик миссия Uzbekistan airways авиаширкати мунтазам равишда Киевга парвозларни амалга ошираётганини эслатиб, қизиққан шахслар мазкур учоқларда Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини, Киев-Тошкент йўналиши бўйича энг яқин рейслар 16 ва 20 февралга режаланганини билдирган.
Аввалроқ Озодлик дунёдаги 30 дан ортиқ мамлакат ўз фуқароларини Украинадан чиқиб кетишга чақиргани ҳақида хабар қилган эди.