Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Владимир Кличко Киевни ҳимоя қилиш бригадасига заҳирадаги аскар сифатида рўйхатга олинди.
Кличко ҳозирги вазиятда “ватанини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга экани”ни таъкидлади.
“Ватаним геосиёсий қийинчиликларга дучор бўлаётганини кўриб туриб, бу ерга келмасликка виждоним чидамади. Шунинг учун шаҳарни ва мамлакатни ҳимоя қилиш бригадасига аъзо бўлдим”,-деб айтди Кличко.
Владимирнинг акаси, Киев шаҳри мэри Виталий Кличко укасининг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Айни пайтда у Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятни ҳарбий эмас, дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини билдирди.
Россия Украина билан чегарасига камида юз минг аскар ва ҳарбий техникани жамлагани ортидан Европа Иттифоқида Москва ҳужумга тайёрланаётгани тўғрисида ташвишлар пайдо бўлган. Бироқ Кремль бу ҳавотирлар асоссиз эканини билдирган.
Айни пайтда Кремль Ғарб давлатларидан “хавфсизлик кафолати” берилишини талаб этмоқда. Москва Украинанинг НАТОга қўшилмаслигини, Россия билан чегараларга ҳарбий техника жойлаштирилмаслигини, НАТО кучлари Шарқий Европадан олиб чиқиб кетилиши кафолатланишини сўраган.