Кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилмайди

Жаҳон кўчманчи ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар ҳам 2014 йилдан бери иштирок этиб келишади (архив сурати)

VI Жаҳон кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов маълум қилди.

“Сизлар билан яхши янгиликни ўртоқлашмоқчиман. Жаҳон кўчманчи ўйинлари ватанига қайтади ва 2026 йилда Қирғизистонда ўтказилади”, дея билдирган вазир Мақсутов.

Мулозим айни пайтда Қирғизистон термаси Қозоғистондаги мусобақаларда яхши натижалар кўрсатаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Жаҳон кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида маълум қилган эди. Қирғизистон Маданият вазирлиги бу қарор нима сабабдан ўзгарганини очиқлаган эмас.

V Жаҳон кўчманчи ўйинлари 8 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида очилган ва унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашганди.

Бу йилги мусобақаларда 90 мамлакатдан 2,5 минг чоғли спортчи иштирок этаётгани хабар қилинган. Спортнинг 21 та тури бўйича мусобақалар Остонадаги олтита стадион ва мажмуаларда ўтказилмоқда.

Жаҳон кўчманчи ўйинларини ўтказиш ғояси Қирғизистонга тегишли бўлиб, илк уч мусобақа шу мамлакатда ўтказилган. IV ўйинлар бундан икки йил аввал Туркиянинг Изник шаҳрида ўтказилган эди.