Кўпхотинлиликни тарғиб қилганлар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилган, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин. Бунга оид қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, 5 сентябрь куни қуйи палата мажлисида кўриб чиқилган.

Депутатлар муҳокама қилган “Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасида миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларнинг бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур ўзгартишлар билан жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритиляпти.

Палата матбуот хизмати қонунда акс этган жавобгарлик чоралари Франция, Австрия, Дания, Белгия, Болгария, Швейцария, Туркия, Марокаш, Қозоғистон, Ҳиндистон, Индонезия каби қатор давлатларда ҳам қўлланилишига эътибор қаратган.

Мажлисда депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этишган.

Қуйи палата депутатлари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинган лойиҳа қонунга айланиши учун эндиликда Сенат тарафидан тасдиқланиб, президент томонидан имзоланиши лозим бўлади.