Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида охирги мунозараларга Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатованинг реклама бозорида кўпхотинлиликнинг агрессив тарғиботи кучайгани ҳақидаги пости сабаб бўлди.
“...биз дунёвий давлат сифатида моногамияни ижтимоий норма деб қабул қилганмиз, кўпхотинлиликни жиноят деб ЖКда белгилаб қўйганмиз. Лекин ҳозир бўлаётган агрессив медиатарғиботга негадир ҳеч ким, айниқса, масъуллар индамаяпти. Телевизорнинг қайси каналига олсанг, қўшхотинлилик ҳақида сериал. Инстаграм, ютуб ҳам тўлган шу мавзуга”, деб ёзди Соатова 10 август куни Фейсбук саҳифасида.
Блогернинг иддаосига кўра, медиа ва реклама бозори оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш ўрнига айрим “тадбиркор”ларнинг нафси учун ишламоқда.
Муаллиф юзага келган ҳолатни “конституцияда белгиланган тузум ва йўналишга қарши борувчи тарғибот” деб атаган.
“Кўпхотинлиликнинг асосий хавфларидан бири бу жамиятнинг ахлоқий негизларини емириши ҳисобланади. Ушбу жиноят оилага қарши жиноят жумласига киради. Шу боис уни тарғиб қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши керак. Қонунга қарши тарғибот қилаётганларга чора кўришмайдими? Конституциямизда дунёвий давлат деб ёзиб қўйилган-ку. Нимага Конституцияда белгиланган тузум ва йўналишга қарши борувчи тарғиботга чора кўрилмайди?” дея саволлар қўйди у.
Кўпхотинлилик тарғиботини чеклашга чорлов ижтимоий тармоқларда кескин баҳсларга сабаб бўлди. Хусусан, диндор қатлам буни эътиқод эркинлигини тақиқлашга уриниш деб қабул қилаётганини кузатилади.
Диний уламолар “ислом ақидасига кўра кўпхотинлиликнинг ўзи эмас, балки бирдан ортиқ аёлга уйланган эркакнинг адолат қилиш-қилмаслиги баҳс мавзуси бўлиши мумкин”лиги ҳақида ёзди.
“Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган ишни ҳаром дейиш, бўлади-бўлмайди дейиш мусулмоннинг имонига зарар беради. Агар бу фикрида қалбан собит турса, диндан чиқиб кетади. Адолатини қила олса, иккита эмас, тўртта аёлга уйлансин! Адолат қила олмаса, қўяверинг, у сизнинг гўрингизда ётмайди, ўзи жавоб беради. “Аллоҳнинг ҳукми шу”! Энди ер юзидаги ҳамма одам йиғилиб келиб, “бўлмайди, биз қаршимиз” деб имзо чекса ҳам, Аллоҳнинг ҳукм ўзгармайди”, деб ёзди Хайрулла Алижонов.
Таржимон Аброр Машариповнинг фикрича, ўзбек заминида азалдан мавжуд бўлиб келган кўпхотинлилик қамоқ тугул ўлим жазоси тайинланса ҳам барибир йўқолмайди.
“Мусулмон сифатида кўпхотинлиликка кўнглингиз рози бўлмаслиги мумкин, бу сизнинг ҳуқуқингиз. Иккинчи (учинчи, тўртинчи) хотин олишга ёки иккинчи (учинчи, тўртинчи) хотин бўлиб тегишга ҳеч ким сизни мажбуpлай олмайди. Лекин кўпхотинлиликка қарши чиқишга ҳаққингиз йўқ. Кўпхотинлиликни танқид қилиб, уни ёмон кўриб, нотўғри деб ҳисоблашингиз ўзингизни Худодан ҳам ақллиман деб ўйлай бошлаганингизни кўрсатади. Агар фикрингизда собит тураверсангиз, Худонинг ҳузурига борганда “Нима учун нотўғри нарсани ҳалол қилиб қўйгандинг?” деб Ўзидан сўраб оларсиз”, дея мавзуга муносабат билдирди Аброр Машарипов.
Ҳуқуқшунос Дилшодбек Тошпўлатов “кўпхотинлилик дунёвий давлат тамойилларига ҳам зид эмас” деб ҳисоблайди.
“Дунёвий ва ҳуқуқий жамиятда қўшхотинликка рухсат йўқми? Йўқ ва бор! Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтаман: агар икки ёки ундан ортиқ хотин билан бир рўзғор асосида яшаса, бу ҳолатда жавобгарлик бор. Лекин икки ёки ундан ортиқ хотин билан алоҳида рўзғор асосида яшаса ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Демак, икки ёки ундан ортиқ хотин билан алоҳида рўзғор асосида яшаш тақиқланмаган. Ҳуқуқда тақиқланмаган нарсани қилиш мумкин, бунда ҳеч қандай жавобгарлик йўқ”, дейди у.
Айрим фойдаланувчилар “биринчи хотинга қаноат қилмаган эркак ўйнаш тутгани ёки фоҳишага борганидан кўра никоҳ билан иккинчи хотинга уйлангани маъқул” деган фикрни илгари сурган.
“Шуни кўпхотинлилик демайлик-да, орага ҳеч қандай “шаръий никоҳ” атамасини аралаштирмасак, фуқаролар ўз ихтиёри билан битта эркак биттадан ортиқ аёллар билан ўзаро розилик асосида жинсий алоқага киришиши мумкинми? Беникоҳ шунчаки яшаб юришса бунга курашиш учун қандайдир механизм борми? Менимча, дунёвий давлатда давлат органлари фуқароларнинг тўшак ва репродуктив хоҳишларига аралашмайди”, деб ёзди тармоқ фаоли Файзиддин Мўмин.
Унга кўра, “дунёвий қонун тарафдорлари шу ерда ўз принципларига зид равишда мусулмонларнинг тўшагига аралашмоқда, репродуктив хоҳишларига қарши курашмоқчи. Ўша кўпхотинли одамларни шунчаки истагани билан ётиб юрибди деб фараз қилинса бу ерда ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат бўлгани йўқ”.
Шаҳноза Соатовага ҳамфикр бўлган қатлам кўпхотинлилик Ўзбекистоннинг дунёвий тараққиёт йўлига зид эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, қонунчиликда ушбу хатти-ҳаракат учун жиноий жавобгарлик белгилангани эслатилган.
Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш жарима, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фаоллар дунёвийлик тамойилига зид тарғибот учун жавобгарликни кучайтириш вақти келди деган фикрда.
“Кўпхотинлилик ҳақида контент қиладиган ҳамма вайнерларни 15 суткага қамаш ё камида жарима қилиш керак. Мутлақо бу мавзуда контент қилишни тақиқлаш керак. Олди-қочди сериалларда ҳам кўпхотинлик кўрсатилган бўлса, ТВдан олиб ташлаш керак”, деб ёзди шоира Тилланисо Нурёғди.
Отабек Умар исмли тармоқ фойдаланувчиси кўпхотинлилик теграсидаги баҳсларни кузатиб, “бир-икки аср олдинга тушиб қолгандек ҳис қилгани”ни айтган.
“Бугунги дунёда полигамия анча камёб ҳодисадир. Жаҳон аҳолисининг атиги 2 фоизи полигамик оилаларда яшайди. Кўпхотинлилик энг кўп тарқалган ҳудуд – Ғарбий ва Марказий Африка: Буркина Фасо, Мали, Гамбия, Нигер, Нигерия. Кўпгина мусулмон давлатларида қўшхотинлилик кам учрайди. Масалан, Покистон, Эрон, Бангладеш ва Мисрда биттадан ортиқ рафиқаси бор эркаклар 1 фоиздан ҳам оз. Шундай экан, Ўзбекистонда кўпхотинлик рекламаси билан шуғулланаётганлар кимга ҳавас қилаётгани тушунарсиз: Гамбиядаги фула ёки Нигериядаги канури халқигами?” дейди Отабек Умар.
Тармоқларда мутаассиб тоифа блогер Шаҳноза Соатовани ҳақорат қилгани ҳам кузатилди.
“Неча кундан бери таниқли блогер Шаҳноза Соатованинг кўпхотинлилик Ўзбекистоннинг мавжуд қонунларига зид экани тўғрисидаги постини дин ҳимоячилари чайнаб, ҳар қандай одоб доирасидан чиқиб кетди ва унга ўзи етти ухлаб тушида кўрмаган айбларни ёпиштира бошлади. Нима, улар ўзларининг қонунга зид фикрларини менга ўхшаганлардан ҳимоя қилмоқчими?” деб ёзди шоир Фахриддин Низомов.
“Нормал жамиятда қонун талабларини бажаришга ҳамма мажбур” эканини қайд этган ижодкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан блогерни “динни байроқ қилиб олганларга талатиб қўймай, жазо бериш”ни талаб қилган.
Яна бир гуруҳ фаоллар қўшхотинлилик каби маиший мавзуларга чалғимай, мамлакатдаги муҳим сиёсий жараёнларни муҳокама қилиш кераклигини уқтирган.
“Кўпхотинликка қарши махсус пост ва мақолалар кўпайишига қараганда махсус миссия ишга тушганга ўхшайди. Кўприк ўпирилишини ҳеч ким бунчалик муҳокама қилмади, унинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида кўпхотинликка қарши бўлаётган опаларимиз ва акаларимиз гапирмади. Машина монополияси ҳақида ҳам улар жим. Катта-катта корхонаю ватан бойликларини талаётган, давлат мол-мулкларини талон-торож килаётган каламушларни ҳеч ким гапирмаяпти...”, деб ёзди тадқиқотчи Ҳамидуллоҳ Беруний.
Журналист Инобат Аҳатовага кўра, муҳокамалар ортидан телеканалларда иккинчи хотин мавзусини олиб чиқиш, кўрсатув, сериалларда тарғиб қилиш тақиқланган.
“Буни мен “Соатова эффекти” деб атадим. Зиёлилар жамият қаерга кетаётганини билиб, қўрқмай гапириши керак шунақа”, деб ёзди И.Аҳатова.