Комфирқанинг собиқ котибаси Раъно Абдуллаева вафот этди

Раъно Абдуллаева (ЎзА видеоинтервьюсидан скриншот)

Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг мафкура бўйича собиқ котибаси Раъно Абдуллаева 12 январь куни 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар қилди.

Раъно Абдуллаева 1935 йил 16 сентябрида Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. 1970-1987 йилларда Ўзбекистон ССРнинг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган. Жумладан, у Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг мафкура бўйича котибаси лавозимларида ишлаган.

“Пахта иши” доирасида айбланган Абдуллаева кейинроқ СССР Олий судининг қарори билан оқланган.

Совет даврининг бошқа арбоблари каби Раъно Абдуллаевага нисбатан ҳам зиддиятли муносабатни кузатиш мумкин. Жумладан, у мафкура бўйича котиба лавозимида ишлаган кезларда миллий анъаналар, хусусан, Наврўз байрамини тақиқлашга бош-қош бўлгани айтилади.

Озодлик билан бир неча йил аввалги суҳбатда Раъно Абдуллаева Наврўзни тақиқлаш билан боғлиқ айбловни рад этганди.

Собиқ терговчи Тельман Гдлян Абдуллаеванинг Шароф Рашидов билан коррупцион ва ишқий алоқалари ҳақидаги иддаоларни илгари сургани маълум. Озодлик билан суҳбатда 1987 йилдан 1990 йилгача ҳибсда сақланган собиқ мулозима бу айбловларни кескин рад қилиб, “Гдлянни Худога солган”ини айтган эди.