"Саидага отилган ўқ". Қибрайдаги суиқасд хронологияси

Комил Алламжонов президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева билан 7 йил давомида тандемда ишлаб келган.

Шу йилнинг 30 сентябрида Президент Администрациясидан кетгунига қадар Комил Алламжонов президентнинг тўнғич қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева сиёсий фаолиятининг ҳар бир босқичида унга ҳамроҳлик қилди. Аммо Мирзиёевага яқин бўлиш оиланинг аъзоси бўлиш билан битта нарса эмас.

"Озодлик" суҳбатлашган экспертлар оила ичида сиёсий меросхўрлик учун кураш кетяпти ва охирги суиқасд ҳодисаси оиланинг президентга энг яқин аъзоси бўлган Саида Мирзиёева мавқеини заифлаштиришга қаратилган, деган фикрда.

Расмийлар тилида “Қибрай туманидаги ҳолат”.

Матбуот ва тармоқларда “Алламжоновга суиқасд”.

Озодлик суҳбатлашган экспертлар таъбирида эса Ўзбекистоннинг янги тарихида мисли кўрилмаган сиёсий қотиллик уриниши...

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг яқин иттифоқчиси Комил Алламжоновга суиқасддан бир ҳафта ўтиб ҳам суиқасд тафсилотлари ва мотивлари қоронғилигича қолмоқда.

Расмий баёнотларда собиқ мулозимнинг ҳатто исми-шарифи ҳам тилга олингани йўқ.

Мамлакат раҳбарияти эса ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутмоқда.

Сиёсий қотиллик уриниши

Комил Алламжонов президент Мирзиёевга яқин шахслардан бири ҳисобланади.

Кечагина мамлакат президентининг ёнида юрган, унинг ахборот сиёсати учун маcъул, бир нави президентнинг гапириб турган оғзи бўлган шахснинг ҳаётига суиқасд, шунчаки жиноий хроника эмаслиги тайин.

Бош прокуратуранинг фаразлардан тийилиш ҳақида журналист ва блогерларга берган огоҳлантириши 26 октябрь куни Қибрай туманида узилган ўқнинг акс-садосини буткул ўчира олгани йўқ.

Бош прокуратура огоҳлантиришга огоҳлантирди, аммо ҳеч қандай дастлабки фаразни илгари сургани йўқ.

На Алламжонов раҳбарларидан бўлган президент администрацияси ва на мамлакатдаги хавфсизликка маъсул қудратли ДХХ бу борада изоҳ бермади.

Комил Алламжоновнинг ўзи ҳам жим.

Бу жимлик давлат, унинг кучишлатар органлари ва хавфсизлик идоралари фуқаролар ҳаётининг ҳар бир аспектини қаттиқ назорат қиладиган Ўзбекистонда ўзи нима бўляпти, деган каттароқ саволларга етаклади.

Шов-шувли қотиллик уринишининг узоқ тайёргарлик кўрилган парламент сайловидан бир кун олдин рўй бергани ва ундан кейинги воқеалар ривожи суиқасд вақти ҳамда мотивлари борасида турлича фаразларга ундамоқда.

Воқеалар хронологияси

26 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Қибрай туманида “Range Rover” русумли автомашинага бир неча марта ўқ узилгани, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди.

Бош прокуратура хабарида Комил Алламжонов номи тилга олинмади.

Аммо расмий хабардан бир неча соат олдин Озодлик манбалари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштирилганини айтишганди.

Орадан бир кун ўтиб, тармоқларда қуйидаги видео пайдо бўлди:

Ҳали ҳеч қандай дастлабки фараз йўқ экан, тармоқларда тарқатилган видеолардаги икковлон нафақат жиноятга иқрор бўлди, балки шов-шувли суиқасд борасида ўзларининг фаразларини ҳам баралла айтишди.

Озодлик ҳозирда ҳибсда бўлгани англашилган бу икки кишидан бирининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.

Видеодаги оқ кўйлакли йигит- Шоҳруҳ Аҳмедов. Озодлик тасарруфида унинг шахсини тасдиқловчи иккита ҳужжат мавжуд.

Ҳужжатларда қайд этилишича, Шоҳруҳ Аҳмедов 2019 йилдан бошлаб Туркияда яшаган ва у ерда қарзларни ундириш бўйича таъмагирлик қилгани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси видеодаги оқ кўйлакли йигит Шоҳруҳ Аҳмедов эканини тасдиқлади. Манбага кўра, Шоҳруҳ Аҳмедов олдинроқ Ўзбекистонга депортация қилинган. Сўнгги пайтларда тошкентлик кўзга кўринган тадбиркорлардан бирига ҳайдовчилик қилган.

Озодлик Шоҳруҳ Аҳмедовнинг 2021 йилда Туркияда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров танқидчиларига қарши уюштирилган шов-шувли суиқасд режасига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олингани ва етти ой қамоқда ўтирганини аниқлади.

Турк матбуотида “рус жосуслари можароси” деб аталган ушбу ҳодисада Аҳмедов билан бирга етти нафар чеченлар айбланган.

Туркия нашрлари 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўралган бу шахсларнинг кутилмаганда суд залидан озод қилинишини Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг шахсан аралашувига боғлаган.

26 октябрь, соат 01:40

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаларининг айтишича, 26 октябрь куни Алламжонов ўтирган машинага 8 марта ўқ узилган.

“Ҳодиса Алламжонов уйи яқинида содир бўлган. У ўтирган “Range Rover” автомашинаси Қибрай тумани, Ифор кўчасидаги поезд йўлидан тезликни секинлаштириб ўтаётган пайтда икки ҳужумчи машинани ўққа тутган. Афтидан, ҳужумчилар машина рулида Алламжоновнинг ўзи бўлганини тахмин қилишган, боиси ўқлар ҳайдовчи ўтирган томонга отилган. Ёмғир ва қоронғилик сабабми, ўқлар нишонга тегмаган. Алламжонов қўриқчиси орқада бошқа машинада келаётган бўлган. Икки ҳужумчи Яндекс скутерида бўлишган, улар скутерни миниб, дала орқали қочишган. Қўриқчи йигит машинада уларни орқасидан қувлаган, бироқ дала бўлгани учун ҳужумчилар қочишга муваффақ бўлган", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Яна бир манбанинг айтишича, икки ҳужумчи ҳам қора ниқоб кийган ҳолда бўлишган ва улардан бири кийимларини алмаштираётган пайти кўчадаги камералардан бирига тушиб қолган.

“Дала четида уларнинг кийимлари ва қуроллари топилган. Ҳужумчиларнинг қўлида 3та қурол бўлган: Иккита "Макаров" пистолети ва битта "Калашников" автомати. Юзидаги маскани ечаётган пайти камерага тушган ҳужумчи маскада ҳам “отпечатка” қолдирган. Шу орқали базадан унинг шахси аниқланган. Улар минган Chevrolet машинасининг ранги ҳам камерага тушган. МВД ходимлари бошқа камераларни ҳам қараб, машина изига тушишган. Улар ким билан учрашиши, кимнинг олдига боришини аниқлаш учун машина орқасидан кузатиб боришган", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Президентни хабардор қилиш

Президент Мирзиёев Алламжоновга суиқасд ҳодисасини назоратига олгани айтилди.

Озодлик манбалари ҳодисадан кўп ўтмай, Қибрай ва Тошкентда йирик хафвсизлик амалиёти бошлангани, Алламжонов яшайдиган ҳудуд ва унинг уйи катта сондаги ҳарбийлар ва махсус ходимлар томонидан ўраб олингани, Қибрай ва Тошкентга кириш-чиқиш йўллари назоратга олинганини айтишган. Кейинроқ бу маълумотларни Қибрай яшовчилари ҳам тасдиқлашди.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Алламжоновга суиқасд юзасидан терговни шахсан президент Мирзиёев ўз назоратига олган, аммо бу ҳақда расмий маълумот берилгани йўқ.

Алламжоновнинг уйи кучайтирилган тартибда қўриқланаётганини унинг маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам тасдиқлашмоқда.

"Бутун республика бўйлаб "тревога" эълон қилинди. Ҳужумчилар чегарадан чиқиб кетмаслиги учун чегараларда "усиление" қилинди. Айрим чегара постлари вақтинча ёпиб қўйилди", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Тезкор гуруҳ

Расмий маълумотга кўра, Қибрайдаги суиқасд ҳодисаси бўйича махсус тезкор-тергов гуруҳи тузилган. Бу гуруҳда Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимлари бор.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, бу гуруҳга Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эркин Хайруллаев бошчилик қилмоқда. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва унинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ишни "шахсан назоратга олган".

"Эркин ҳақиқий прокурор. У ишни охиригача олиб боради. Ҳақиқатни тагига етади. Унга берилган иш очилмай қолмайди. Фақат битта хавф бор. У ҳақиқатнинг тагига етганда ишни ундан олиб қўйишмаса бўлди", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

План А

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, ҳужумчилар қўлида икки хил режа бўлган. Манбалар буни “План А” ва “План Б” деб таърифлашмоқда. Илк режа бўйича ҳужумчилар қотилликдан сўнг "водий орқали Қирғизистонга қочиши лозим бўлган".

"Гумонланувчилар берган кўрсатмаларга кўра, Қибрайдаги қуролли ҳужум пухта режалаштирилган суиқасд бўлган. Уларга Алламжоновни ўлдириш топшириғи берилган. Улар топшириқни бажаргач, Наманганга етиб бориб, келишилган пулни олиб, чегара орқали Қирғизистонга қочишлари керак эди. У ёқда уларнинг ўз одамлари бўлган. Бироқ чегараларда “усиление” бўлгач, уларнинг бу режаси “ўхшамаган", дейди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги биринчи манба.

Терговга яқин иккинчи манба ҳужумчиларнинг “План А” режаси "ўхшамагани"га яна бир сабабни келтирди:

"Ҳужумчилар водийга боргунча уларга тегишмаган, фақат кузатув давом этган. Қибрайдаги камераларга тушган тасвирлар ва “отпечатка” орқали улардан бирининг шахси аниқлангач, унинг Намангандаги уйи кузатувга олинган ва ота-онаси РОВДга чақиртирилган. Шу ерда РОВДнинг хатоси бўлган, яъни ота-она “отдел”га чақиртирилгач, ўғлига хабар кетган. Улар қочишга ҳаракат қилган. Бироқ чегаралар ёпиқлиги учун қўлга тушишдан қўрқиб, “План Б”га ўтишган".

Тармоқларда тарқалган видеода "Ойбек" исми янгради. Ушбу видео юзасидан Озодликка боғланган шахслар ҳам "Ойбек" исмига урғу беришди. Аммо қайси Ойбек эканига аниқлик киритишмади.

Озодлик суҳбатлашган тергов жараёнидан хабардор ҳукуматга яқин учинчи манбанинг иддао қилишича, “План А” режасида президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов "панжара ортига олиниши кутилган бўлган".

"Кейинги ярим йилда жамоатчиликка президентнинг қизи Саида Шавкатовна, унинг эри Ойбек Турсунов ва Комил Алламжонов ўртасида гўёки можаро борлиги сингдириб келинди. Агар Алламжонов ўлган тақдирда, бунга "рашк" версияси сабаб қилиб кўрсатилиши ва айб Ойбек Турсуновнинг бўйнига қўйилиши керак эди. Бу режа ўхшамагач, "План Б"ни ишга солиб, суиқасдни Алламжоновнинг ўзи уюштирди, деган версияни ўйлаб топишди", деди ҳукуматдаги манба.

План Б

Қибрайдаги суиқасд ҳодисасидан бир кун ўтиб - 27 октябрь куни тармоқларда тарқатилган видеода икки йигит Қибрайдаги ҳодиса бўйича масъулиятни "ўз зиммасига олишди". Улардан бири, Озодликка кейинроқ маълум бўлишича, Шоҳруҳ Аҳмедов эди.

Бир вақтнинг ўзида ўзларини "ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш учун кетаётгани"ни айтган шахсларнинг "Қибрайдаги суиқасд Алламжоновнинг ўзининг буюртмаси", деган аудиоси ҳам тарқалди.

Ушбу видео ва аудио бир вақтнинг ўзида Озодликка ҳам келиб тушди ва Телеграм орқали таҳририятга боғланган шахслар уни Озодликнинг YouTube каналига жойлаштиришни сўрашди.

Улардан бири ўзини Шоҳруҳ Аҳмедовнинг акаси, деб таништирди. У Аҳмедов видеода айтган Қибрайдаги ҳодиса Алламжоновнинг пиар акцияси, деган иддаонинг Озодлик каналида ёйинланишини жуда ҳам истаётганди.

Аммо суҳбат аввалида ўзини Шоҳруҳ Аҳмедовнинг акаси деб таништирган шахснинг “гувоҳликлари” суҳбат давомида бир неча марта ўзгарди.

Озодлик, табиийки, уни саволга тутди ва ҳужжатлар тақдим этишни сўради. Суҳбатдош қандайдир ёзишмаларнинг скриншоти ва кимларнингдир аудиоларини жўнатди.

Бир вақтнинг ўзида “Қибрайдаги суиқасдни Алламжоновнинг ўзи қилган, мақсад ўзини пиар қилиш эди” деган иддао тармоқларнинг ўзбек сегментида шиддат билан ёйилди. Бу каби иддао ва фаразни илгари сураётганлар орасида тармоқнинг айрим фаоллари, блогер ва журналистлар ҳам бор эди.

Озодликка боғланган бир неча блогер ва журналист ҳодисада Алламжоновнинг ўзини айблаш тармоқ фойдаланувчиларининг шахсий фаразлари эмас, балки махсус уюштирилган кампания экани, уларга ҳам, ўзларининг таъбирларича, “матбуот кураторлари”дан шундай талаб ва ҳатто таҳдидлар тушаётганини айтишди. Озодлик ихтиёрида журналист ва блогерларнинг бу борадаги кўрсатмалари мавжуд.

"Қўлида қалами бор деярли ҳаммага чиқишди. Қибрайдаги отишма Алламжоновнинг иши, деган версия ҳақида ёзиш айтилди. Агар отишмани Алламжоновнинг ўзи ташкил қилмаган, деган хабарни чиқаришни кимдир сўрайдиган бўлса, уларни хабардор қилишимизни таъкидлашди. Бизга конторадан шунақа буйруқ бор дейишди", деди ўзбекистонлик журналист.

Озодликнинг аниқлашича, бу каби босимлар суиқасдни Алламжоновнинг ўзи қилди, деб ёзмаган ёки бу версияни савол остига олганларга нисбатан бўлган, холос. Бу версияни фаол илгари сурганларга нисбатан босим бўлгани Озодликка маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, бу пайтда Бош прокуратура суиқасд юзасидан тахмин ва фаразлардан тийилиш ҳақида огоҳлантирган, бунинг учун жиноий жавобгарлик борлигини қатъий эслатган эди.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистондаги ҳокимият учун курашда огоҳлантирувчи ўқ отилдими?

Суиқасдни Алламжоновнинг ўзи қилди, деб айтаётганлар ҳозиргача бу иддаони тасдиқловчи бирон далил тақдим этганлари йўқ. Бошқа фаразлар бўйича ҳам шундай. Ҳозирча суиқасдга на Алламжоновнинг ўзи ва на у билан ўртасида танглик борлиги айтилган ДХХ ёки президент куёвларини боғловчи далил жамоатчиликка очиқланган далил йўқ. Очиқланадими, йўқми, бу ҳам номаълум.

Озодлик таҳлилчиси Крис Риклтоннинг ёзишича, бу ерда бир неча жиҳатни айтиб ўтиш жоиз.

Биринчидан, гап Ўзбекистон ҳақида кетмоқда. Ўзбекистонда сиз баъзи нарсаларни эшитишингиз, аммо ҳеч нарсага амин бўлмаслигингиз мумкин.

Иккинчидан, ҳодиса юзасидан расмий тергов қандай хулосани эълон қилмасин, аслида ундан кўпроқ ёки камроқ нарса бўлиши эҳтимоли катта.

Учинчидан, ойлар ва йиллар ўтиб ҳам, жамоатчилик ҳеч нарсани аниқ билмаслиги мумкин.

"Сеул" тунги клуби

Тармоқларда ҳодиса юзасидан ягона версия - суиқасдни Алламжоновнинг ўзи уюштиргани ҳақидаги фараз фаол илгари сурилаётган паллада Озодликка жиноят ишига доир янги тафсилотлар сиздирилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Қибрайдаги суиқасд саҳнасидан қочишга муваффақ бўлган икки ҳужумчининг изи Фарғонадаги “Сеул” тунги клубига бориб тўхтаган. Улар ўзларининг бошқарувидаги машинани ана шу тунги клуб олдида қолдиришган.

Озодлик Фарғона шаҳрининг Университет кўчаси, 3-уйда жойлашган ушбу кўнгилочар маскан

Елена Фен исмли шахсга тегишли эканини аниқлади.

Очиқ реестрдаги маълумотларга кўра, Елена Фен 2014 йилда “Yasmina honim” масъулияти чекланган жамиятига асос солган. Бу жамиятда “Сеул” тунги клубидан ташқари, савдо дўконлари, ўқув курслари каби бир қанча бизнес юритувчи субъектлар бор.

Елена Фен Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси, марҳум Виталий Феннинг қизи бўлади.

Виталий Фен 1996 йилдан 2013 йилга қадар Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси лавозимида ишлаган.

Наталья Фен

Ҳужжатларда қайд этилишича, “Ysmina honim” ширкати таъсисчилари орасида Еленанинг синглиси Наталья Фен ҳам бор. У ширкатда 7.30 % улушга эга.

Фен оиласига оид маълумотлардан хабардор Озодлик манбасига кўра, Фенлар сулоласига қарашли бизнес айнан Наталья Фен орқасидан "гуллаб яшнамоқда".

Бир-биридан мустақил икки манба Наталья Фенга оид маълумотларни Озодликка тақдим қилишди.

Наталья Фен отаси Жанубий Кореяда элчи бўлган пайти Сеулда яшаган.

Манбаларнинг таъкидлашича, ўша йилларда Кореяда оиласи билан бирга яшаган президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева Наталья Фен билан яқин дугона бўлган.

Манбалар бу яқинлик улар Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ҳам давом этганини айтишади. Шаҳноза отаси ҳокимиятга келгач, қайси лавозимда ишламасин, дугонаси Наталья Фен ҳам у билан бир ерда ишлаб келган.

Жумладан, Шаҳноза Мирзиёева 2017 йилда Ўзбекистонда янги ташкил қилинган Мактабгача таълим вазирлигида масъул лавозимга тайинланган.

2020 йил октябрида олинган расмий суратларда Наталья Фен ҳам ушбу вазирликда ишлаганини кўриш мумкин.

Наталья Фен - ўнгдан учинчи

Юқоридаги суратда Наталья Фен Президент фармонига кўра "Меҳр-саҳоват” кўкрак нишони билан тақдирлангани акс этган.

Расмий хабарда Наталья Фен пандемия даврида зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, кислород концентраторлари билан таъминлашда амалий ёрдам бергани таъкидланган.

Жавлон Юнусов

Озодлик манбалари Наталья Феннинг фуқаровий турмуш ўртоғи экани айтилаётган Жавлон Юнусовни Ўзбекистондаги фармацевтика тизимига норасмий куратор, деб таърифламоқда. Уларнинг иддаосича, Юнусов Тошкентдаги президент куёвига алоқадорлиги иддао қилинган "қудратли офис"да таъсирга эга шахслардан. Озодлик ихтиёрида бу иддаоларни тасдиқлайдиган ёки инкор қиладиган ҳужжат мавжуд эмас.

Президентнинг кенжа куёви Отабек Умаровга алоқадорлиги иддао қилинган “офис” "маҳаллий тадбиркорлар ва мулозимларга ноқонуний босимлар ўтказиб келгани" айтилади. Озодликнинг бу ҳақда ўз манбаларига таяниб ёритган маълумотларини на Отабек Умаров ва на бошқа расмийлар рад қилган.

Манбалар Жавлон Юнусов Отабек Умаровнинг водий бўйича “ўнг қўли” экани, унинг фуқаровий турмуш ўртоғи экани айтилаётган Наталья Фен ҳам Отабек Умаров билан илиқ муносабатларда эканини иддао қилмоқда.

“Наташа Фен Отабек Умаров аварияга учраган пайт унинг Кореяда даволанишини ташкиллаштириб берган. Бунга миннатдорчилик сифатида Умаров кейинчалик Наташага шоколад рангли Mercedes-Maybach GLS” автомобилини совға қилган. Наташа Фен ҳозир шу машинада юради”, деди ҳукуматдаги манба.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, Алламжоновга суиқасдда гумонланаётган Шоҳруҳ Аҳмедов ҳам Фен оиласи билан таниш, Аҳмедов Наталья Феннинг эри экани айтилаётган Жавлон Юнусовнинг ҳайдовчиси ва қўриқчиси ҳисобланади.

Бу маълумотни Озодликка бир-биридан мустақил икки манба тасдиқлади.

Расмий ҳужжатга кўра, 36 яшар Жавлон Юнусов Жиноят Кодексининг 168- модда (Фирибгарлик) ва 105 -модда (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддаси билан бир неча бор судланган.

Озодлик ҳозиргача Отабек Умаров билан боғлиқ коррупция ва манфаатлар тўқнашувига доир ўтказган суриштирувларига унга алоқадор тузилмалар ҳамда давлат идоралари, жумладан, президент администрациясидан ҳеч қандай жавоб ололмаган.

Офис билан боғлиқ иддаолар ҳамда Алламжоновга суиқасд хронологиясида исмлари юзага чиқаётган шахслар билан алоқалар борасида ҳам Озодлик Отабек Умаров ва бошқа расмийларнинг изоҳларига очиқ.

Фарғонадаги Фенлар оиласига қарашли экани айтилган “Сеул” тунги клуби ходими Наталья Фен билан Жавлон Юнусовнинг бирга яшашини Озодликка тасдиқлади.

Озодлик Наталья Фен ва унинг фуқаровий эри экани айтилаётган Жавлон Юнусов билан боғлиқ саволларга аниқлик киритиш мақсадида Наталья Фенга қўнғироқ қилди, бироқ ҳозирча бирон изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Алишер Илҳомов

"Менимча, бу ишлардан мақсад - президентга босим ўтказиш ёки энг камида бетараф туришига эришиш. Ҳатто авторитар давлатларда ҳам иқтидордаги режим кайфиятлар омилини инкор эта олмайди. Алламжонов суиқасди билан “Пандора қутиси” очилади, бунақа ишлар учун жазосиз қолиши ўша гуруҳга карт-бланш берилганига ишора бўлади. Натижада жамиятда қўрқув муҳити вужудга келиб, у нафақат оила ичидаги бир-бирига мухолиф гуруҳларга, балки президентнинг ўзига ҳам таъсир қилиши мумкин. Истиқболда бу президентнинг реал ҳокимияти ва мамлакат устидан назорати чекланишига олиб келади", дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

“Жосуслик можароси”

2021 йил 8 октябрида Туркияда чечен жосусларига оид шов-шувли ҳодиса содир бўлди. Ўша куни Туркия Миллий Истиҳборот (разведка-таҳр.) Ташкилоти (MIT) ҳамда Террорга қарши кураш бошқармаси Истанбул ва Анталияда жосусликда гумонланган олти киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Махсус амалиёт тафсилотлари Туркия медиасида кенг ёритилди.

Ушланганлар Туркиядаги чечен мухолифати лидерларига суиқасд тайёрлашда гумонланган эди. Олтовлондан бири Шоҳруҳ Аҳмедов экани маълум.

Турк матбуотидаги хабарларга кўра, Шоҳруҳ Аҳмедов ўша куни Истанбулнинг Кучукчекмеже мавзесида қўлга олинган.

Турк матбуотига кўра, Шоҳруҳ Аҳмедов чечен мухолифатчиларига қуролли ҳужумда гумонланган ягона ўзбек эмас. У билан бирга ўзбек миллатига мансуб Равшан Аҳмедов исмли шахс ҳам бўлган. Бироқ унинг қўлида Россия паспорти бор эди. Ушланганларнинг қолган тўрттаси Россия ватандоши бўлган чеченлардир.

Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, гуруҳ аъзолари қўлга олинган пайт уларнинг ёнидан учта тўппонча ва патронлар топилган. Қуроллардан бири нишонни узоқдан аниқ белгиловчи лазер ва ўқ овозини пасайтирувчи махсус мослама билан жиҳозланган бўлган.

Озодлик манбаларига кўра, Шоҳруҳ Аҳмедов Туркиядаги криминал дунёда “Шоҳ” лақаби билан танилган. Аҳмедов гуруҳ етакчиси ҳисобланган Бислан Расаев билан яқин ҳамкорлик қилгани айтилади.

Туркия матбуотидаги хабарларга кўра, олти кишилик гуруҳ ўша йил мартида ҳибсга олинган чеченистонлик Ҳамзат Докуев ва Бадрудин Кимаев билан ҳам ҳамкорликда ишлаган.

2022 йил 15 февралида қуролли суиқасдни уюштиришда гумонланган Шоҳруҳ Аҳмедов дохил гуруҳга айблов эълон қилинди. Сиёсий ёки ҳарбий жосуслик, ўқотар қуролларни ноқонуний сақлаш, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш - булар гуруҳ аъзоларига қўйилган айбларнинг узун рўйхатидан фақат учтаси.

Турк матбуотига сиздирилган “Жосуслик можароси” га доир 25 варақлик айблов хулосасига кўра, гуруҳ tетакчиси Бислан Расаев кўрсатмаларни Россия Давлат Думаси депутати Адам Делимхановдан олиб турган. Делимханов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга яқин қариндош ва муҳим иттифоқчи ҳисобланади. Шунингдек, тергов жараёнида Бислан Расаевнинг қатор қотилликлар сабаб халқаро қидирувда бўлган криминал авторитет Казбек Дукуев билан ҳамкорлиги борлиги аниқланган. Турк матбуоти суриштирувига кўра, Делимханов ва Дукуевнинг 20 йил ичида содир этилган олтита суиқасдда қўли бўлган.

Туркиялик терговчилар Аҳмедов дохил гуруҳ Туркиядаги чечен мухолифати

Ҳасан Халитов.

лидерларига суиқасд уюштиришни режалаганини айтишган. Ушбу рўйхатда ўша пайтда Туркияда яшаётган чечен мухолифатчи блогери Ҳасан Халитов исми ҳам бор.

“Табиийки, Қодировнинг ёрдамисиз Дукуев бу ишни уддалай олмаган бўларди. Қолаверса, куратори Адам Делимхановдан “фатво” бўлмаганида, Дукуев бунақа нозик сиёсий ишларга аралашишга журъат қила олмасди. Чунки иш барбод бўлган тақдирда Рамзан Қодиров номига яхши бўлмаслигини билади”, деди чечен мухолифатчи блогери Ҳасан Халитов.

Туркиялик прокурорлар Шоҳруҳ Аҳмедов ва унинг шерикларига 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўрашган. Бироқ 2022 йилнинг 28 апрель куни ўтган маҳкамада Аҳмедов ва унинг шериклари суд залидан озод қилинган.

Судда айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни тан олмагани ва уларни айблашга етарли далил йўқлиги сабаб улар озод қилингани таъкидланган.

Чеченистон ва на Россия расмийлари Туркияда чеченистонликлар иштирокидаги “жосуслик” можаросига расмий изоҳ бермаган.

Турк ва Кавказ матбуоти суиқасдда айбланган гуруҳ аъзоларининг кутилмаганда озод қилинишини Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг аралашувига боғлаган.

Рамзан Қодиров суиқасдда айбланган чеченистонлик гуруҳ аъзолари қўлга олинганидан кўп ўтмай, Истанбулга норасмий сафар қилгани хабар қилинган.

Айни пайтда на Чеченистон ва на Россия расмийлари Туркияда чеченистонликлар иштирокидаги “жосуслик” можаросига расмий изоҳ бермаган.

"Қодиров атрофидаги криминал элементларнинг Ўзбекистон президенти билан алоқаси бор, деб ўйламайман. Лекин муайян даражадаги ўзбек мулозимлари Қодиров теварагидаги ўзбек криминал доиралари билан алоқа қилиб туришига шубҳа йўқ. Президентлар тўғридан-тўғри мулоқотда бўлмаслиги мумкин, аммо Ўзбекистон президенти атрофидаги мулозимлар Қодировнинг мулозимлари билан яқинлигини биламиз. Ҳамма жойда ҳам манфаатлари кесишган мулозимлар тезда апоқ-чапоқ бўлиб олишади. Ушбу ҳолатда ҳам айнан шундай", дейди чечен мухолифатчи блогери Ҳасан Халитов.

Чечен блогерининг иддаоларини мустақил манбалардан ҳозирча тасдиқлаш имкори йўқ.

Мирзиёев ҳукмронлигининг дастлабки йилларида журналист ва блогерларга нисбатан юмшоқроқ сиёсат билан чамбарчас боғланган Алламжоновнинг ўзини фавқулодда эркин тутиши уни марҳум раҳбар Ислом Каримовнинг қаттиқ бошқарувидан ҳар қандай чекинишни кераксиз хавф деб билган хавфсизлик хизматларига қарама-қарши қўйди.

Президент Администрациясидан кетгунига қадар Алламжонов Мирзиёева сиёсий фаолиятининг ҳар бир босқичида унга ҳамроҳлик қилди. Аммо Мирзиёевага яқин бўлиш оиланинг аъзоси бўлиш билан битта нарса эмас.

"Озодлик" суҳбатлашган экспертлар оила ичида сиёсий меросхўрлик учун кураш кетяпти ва охирги суиқасд ҳодисаси оиланинг президентга энг яқин аъзоси бўлган Саида Мирзиёева мавқеини заифлаштиришга қаратилган, деган фикрда.

"Шак-шубҳасиз, Алламжонов суиқасдига унга нисбатан шахсий адоват ҳосиласи деб эмас, балки айнан президент оиласи ичидаги икки гуруҳнинг ҳолатидан келиб чиқиб қараш керак бўлади. Шу нуқтаи назардан, ушбу ҳаракат, аввало Саида Мирзиёева тамсил қилаётган у ёки бу гуруҳга қарши қаратилганига аниқ, демак мазкур акция бевосита Саида Мирзиёева манфаатларига қарши бўлган. Шу муносабат билан саволлар туғилади: Президент қаерда? Оила бошлиғи қани? Бўлаётган воқеаларга унинг муносабати қандай?", дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Озодликнинг ҳозиргача олиб борган суриштирувларидан келиб чиқаётган манзара, албатта тўлиқ эмас. Албаттаки, бу манзара Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб бораётган тергов тафсилотларисиз тўлиқ бўлиши қийин. Аммо Ўзбекистон тергов идораларининг фаолиятига, хусусан, жабрланганлар ва ҳуқуқ фаолларининг саволлари кўплигини, умуман, Ўзбекистонда қонун устуворлигига кўплаб саволлар борлигини ҳам назардан қочирмаймиз.