Ўзбекистон Олий судининг тафтиш инстанцияси Президент администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов хонадонида хизмат қилган 7 нафар шахсни оқлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Обидовнинг билдиришича, “эълон қилинган суд қарорига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли, Б. Ёқубов, С. Сидиков, А. Қурбонмуродов, А. Ташов, А. Салимов, Ж. Турғунов ва Х. Зуфаровга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилди”.
Маълум бўлишича, Комил Алламжоновга суиқасд қилинган 2024 йилнинг 26 октябрь куни Тошкент вилояти Қибрай тумани ИИБ томонидан майда безориликда айбланиб, 15 суткага қамалган бу шахслар Алламжонов хонадонида хизмат қилишган.
“Иш юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб боришда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далилларни тўплаш чораларини кўрмаган ИИБ ходимига нисбатан Ички ишлар вазирлигига, шунингдек ишни судда кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигига эътибор бермаган судьяларга нисбатан Судьялар малака ҳайъатига хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилди”, дейилган Олий суд хабарномасида.
Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида кўрилган Алламжоновга суиқасд ишида еттовлон жабрланувчи сифатида сўроқ қилинган.