Ҳарбий судда Ўзбекистон президенти администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган суиқасдга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳкама “мутлақо махфий” тарзда ўтказилмоқда.
“Судланувчилар сони кўплиги, қўйилаётган айблов жиддийлиги ва унинг жамоатчилик учун муҳимлигига қарамай, яна мавҳумлик ҳукм сурмоқда”, деб ёзган Ташанов.
Мазкур иш бўйича маҳкама жараёни бошлангани ҳақида прокуратура ва суд идоралари ҳали бирор маълумот тарқатгани йўқ.
Алламжоновга суиқасд ўтган йилнинг октябрь ойида − парламент сайловидан бир кун олдин ва мулозим президент админстрациясидан ишдан бўшаганидан кейин бир ойларча кейин содир бўлган. Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг сафдоши бўлган Комил Алламжонов ҳодиса чоғида жабрланган эмас. Ўша пайтда расмийлар суиқасд ортидан бир неча киши қўлга олинганини маълум қилишган.
Бош прокуратуранинг 25 ноябрь кунги хабарномасида эса суиқасдга алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинганлар сони 7 кишига етгани, улардан бири Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов экани ҳақида маълум қилган.
Жавлон Юнусов номи илк бор Озодликнинг Алламжоновга суиқасд юзасидан ўтказган суриштирувида ўртага чиққан эди. Озодликнинг ҳукуматдаги манбалардан бири Юнусовни Отабек Умаровнинг водий бўйича “ўнг қўли” эканини иддао қилган.
Кейинроқ Ўзбекистон расмийлари Россия фуқароси бўлган икки шахс − Бислан Расаев ва Шамил Темирхановга нисбатан халқаро қидирув эълон қилишган. Улар Алламжоновга суиқасд ишига алоқадорликда гумонланмоқда.
Бунга жавобан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжонов ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошлиғи Дмитрий Лига “барча ҳийла-найранглари, бўҳтон ва уйдирмалари учун” жавоб беришларини айтиб, таҳдид қилган.
“Комил Алламжонов билан Дмитрий Лига жабрдийда ролини ўйнашга қаттиқ берилиб кетмасликни тавсия қиламан. Ниятларингиз нима бўлса ҳам, вақтида тўхтаганингиз маъқул, акс ҳолда барча ҳийла-найранглар, бўҳтон ва уйдирмалар учун жавоб беришга тўғри келади. Мен ҳозир ўз одатларимизга мос жавоб тўғрисида гапиряпман”, деб ёзган Қодиров 2024 йилнинг 26 декабрь куни ўз Телеграм-каналида.