Сўнгги 10 кун ичида Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида даволанган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тиббий муолажаларни давом эттириш учун хорижга кетди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги 29 март куни маълум қилди.
“Шифокорларнинг консилиум хулосасига кўра, Абдулазиз Комиловнинг саломатлигини янада чуқурроқ текширувдан ўтказиш зарурати юзага келгани сабабли айни кунларда вазир ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли муолажаларни олиш мақсадида хорижда даволанишни давом эттирмоқда”, — дейилади хабарда.
Расмий хабарда Комиловнинг қандай хасталикдан даволанаётгани айтилмаган.
Абдулазиз Комилов сўнгги маротаба 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида жамоатчиликка кўриниш берган эди.
Ўшанда Комилов Украинадаги вазият юзасидан Ўзбекистон позициясини билдирар экан: “Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаймиз”, - деб баёнот берган эди.
Мазкур баёнот, сиёсий таҳлилчилар фикрича, Россия Украинага уруш очганидан бир неча ҳафта ўтганидан сўнг Марказий Осиё давлатлари томонидан очиқланган жиддий ва “журъатли” позиция бўлди.
Комилов Сенат йиғилишида сўзлаган нутқида, жумладан: “Ўзбекистон тарихан Россия ва Украина билан анъанавий, кўпқиррали ҳамкорликка эга. Биз бу мамлакатлар билан ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб ҳамкорлик қиламиз. Бир томондан Россия билан кенг, кўп қамровли ҳамкормиз. Иккинчи томондан Украина билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Масалан, 2021 йилда Украина билан савдо айланмаси ҳажми 704 миллион АҚШ долларига етди. Бу 2020 йилга нисбатан 60 фоизга юқори кўрсаткич.
Жорий йилда ҳам Тошкент ва Украинада бир қатор тадбирлар ўтказмоқчи эдик. Можародан олдин Тошкент—Киев йўналишида ҳафтада 4 тадан авиақатновлар амалга оширилаётганди”, - деб таъкидлаган.
Бундан аввалроқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Мирзиёев ва Путин ўртасида 25 февраль куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтгани, мулоқотда “Тошкент Украина ва Россия атрофидаги вазият бўйича вазмин, нейтрал позицияда” экани айтилгани тўғрисида билдирган эди.
2 март куни БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши қораланган резолюцияни кўриб чиққан. Резолюцияни БМТга аъзо 193 та давлатдан 141 таси дастаклаган.
Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея резолюцияга қарши овоз берган. 35 та давлат эса овоз беришдан тийилган, Ўзбекистон овоз беришда қатнашмаган.